Депутат ташаббуси билан Наврўзтепа аҳолиси ичимлик суви билан таъминланди

Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати Илёс Сафаровнинг аҳоли билан учрашувида Наврўзтепа қишлоғида ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган сув иншооти аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун қуввати етмаслиги билдирилган. Оқибатда 40 хонадонда ичимлик суви йўқлиги маълум бўлган.

Мурожаат асосида депутат туман сув таъминоти корхонасига депутатлик сўрови киритди.

- Қишлоғимизда ичимлик суви бир неча йиллардан буён муаммо бўлганлиги учун қанча ташкилотларга мурожаат қилдик, - дейди Ғазира маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғулом Ҳамроев. - Ҳаммасида бир хил жавоб: “дастурга киритамиз, кутинг”. Сайлов жараёнида сайловолди тарғиботи билан келган номзодларга сувни ҳал қилиб бера оласизми, деган савол қўйдик. Илёс Сафаров бу муаммони ҳал қилишга киришишини айтди. Шу боис биз “Адолат” партиясига, партиядан кўрсатилган номзод Илёс Сафаровга ишониб овоз бергандик, бугун билдикки, адашмабмиз.

Бугун депутатдан 174 хонадондан иборат Наврўзтепа қишлоғи аҳли миннатдор.

- Депутат катта хайрли ишни амалга оширди, - дейди маҳаллада яшовчи Нургул  Нематова. - Эшик олдига чиқсак сув, хотин-қизларнинг қувончи чексиз. Биз бу кунларни озмунча кутдикми?

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши матбуот хизмати.