Депутатлар қачон фаол бўлади?
Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияга Самарқанд вилояти бўйича ёрдам берувчи ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Уни комиссия аъзоси, сенатор Ф.Тошев бошқарди.
Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларини пандемия шароитида самарали ташкил этиш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаоллигини ошириш бўйича фикр юритилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари дастлаб доимий комиссияларнинг йил охиригача сессияларни тайёрлаш жадвалини ишлаб чиқдилар. Кенгаш иш режасига кўра навбатдаги сессия муҳокамаси учун масала аниқланди ва уни ўрганувчи ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Йиғилиш қатнашчилари депутатлик сўровлари мониторингини аввал доимий комиссияларда, кейин сессияда кўриб чиқиш, депутатлик сўровларига ўз вақтида ёки умуман жавоб бермаётган идора раҳбарларига нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги масъул ходими Б.Раҳматуллаев Сенатнинг истисно тариқасида халқ депутатлари вилоят Кенгашида ишчи девон тузиш юзасидан тавсиясини ўқиб эшиттирди. Депутатлар муҳокамадан сўнг ушбу масалани навбатдаги сессияга киритишга келишиб олдилар.
Йиғилишда ҳафтанинг душанба куни доимий комиссия раислари учун Сенаторлар хонасида маслаҳат ўтказишга қарор қилинди. Шунингдек, ҳар бир депутатга ижтимоий тармоқда сайловчилар учун саҳифа очиш таклифи билдирилди.