Дипломли бўлиш ишли бўлиш дегани эмас

Яқинда бир ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида у:

- Талабаларим ичида дарсимга умуман қизиқмайдиганлари бор, - деди. - Улардан нега бу касбни танлаганини сўрасам, кириш имтиҳон баллари паст бўлгани учун шу йўналишга ҳужжат топширганини айтди. Аслида бу соҳа мутахассиси бўлмас эмиш.

Афсуски, талабалар ичида диплом бўлса бўлди, деб ўзи қизиқмайдиган йўналишга ўқишга кирганлар йўқ эмас. Ҳалиям хусусий олий таълим муассасалари очилиб, давлат олий таълим муассасаларида шунчаки ўқишга кираётганлар анча камайди. Тўғрироғи, улар имтиҳонсиз хусусий олий таълим муассасасига ўқишга киряпти.

Яқин йилларгача аксарият ёшлар қабул кунининг охиригача кутиб турар, сўнгра энг кам ариза топширилган йўналишга ҳужжатини топширарди. Ҳатто қабулнинг ёпилишига саноқли дақиқалар қолганида ҳужжат топширадиганлар бўларди. Сабаби, улар кам ҳужжат қабул қилинган йўналишга ўқишга кириш осонроқ деб тушунарди. Аммо, эртага ким бўлиши, жамиятга қандай манфаати тегишини ўйламасди.

Мақсад, нима бўлса ҳам бир амаллаб ўқишга кириб олиш, дипломли бўлиш. Ёшларнинг кўпчилиги диплом бўлса ишли бўлиш осон, деб ҳисоблайди. Аммо иш берувчилар дипломи бору, иштиёқи йўқ мутахассисни ишга олишни хоҳламайди. Буни кейинги вақтларда раҳбарларнинг ўзидан ҳам эшитяпмиз. Натижада қўлидан иш келмаган мутахассис чет элга иш излаб кетишга мажбур бўлади ва бизда иш йўқ, деган хулосага келади.

Бир танишим айтиб қолди, ўғлининг ўртоғи IT соҳасида олий таълим муассасасида ўқибди, диплом олибди. Энди эса ўз соҳасида ишламасдан корейс тилини ўрганаётганмиш. Йигитнинг ўзи ўқиган касбга қизиқиши йўқ, шунинг учун Жанубий Кореяга ишга бормоқчи экан.

Яна бир танишимнинг айтишича, олий таълим муассасасида инглиз тили йўналишида ўқиётган қизининг чет тили ўқитувчиси бўлишга иштиёқи йўқ эмиш. У асли дизайнерлик касбига қизиққан, ота-онаси қизини “супер-контракт” асосида ўқишга киритган экан.

Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Ёшлар орасида ота-онасининг хоҳиши ёки шунчаки диплом олиш учун олий таълим муассасасига ўқишга кирганлар йўқ эмас.

- Ҳозирги ёшлар катта маошга ишлашни истайди, аммо ўзлари шунга яраша етук мутахассис бўлишга интилмайди, - дейди ҳамкасбим А.Ҳайдаров. – Буни амалиётга келаётган талабалар мисолида ҳам айтишим мумкин. Амалиётга келаётган талабаларнинг ичида берилган топшириқларни астойдил бажарадиганлари жуда кам. Аксариятининг ҳар хил баҳонаси кўп. Бир амаллаб амалиётни тугатиб олса бўлди, аммо мен бу ердан нимадир ўрганишим керак, эртага ўзимга керак бўлади, деб ўйламайди.

Ҳақиқатда ёшларимиз ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлашни унча хушламайди. Чет тилини ўрганаётган ёшлар билан гаплашсангиз аксарияти хорижда ишлаш учун тил ўрганаётганини айтади. Ҳатто чет элга ўқишга кетаётганларнинг ҳаммаси ҳам хорижда охиригача ўқимайди. Кўпчилиги ўқишга боргач, ишга чиқиб кетади. Баъзилари ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Тўғри, чет элда яшаш осон эмас, шунинг учун юртдошларимиз ишлашга ҳам мажбур бўлади. Аммо уларнинг кўпчилиги катта маошли иш топгач, ўқишини давом эттирмайди. Масалан, Жанубий Кореяга ўқишга борадиган ўзбекистонлик ёшларнинг 60 фоизи ўқишини ташлаб кетаркан. Шунинг учун Корея ҳукумати чет элдан, айниқса, Ўзбекистон, Мўғулистон, Вьетнам каби давлатлардан ўқишга келувчи ёшларга виза олишни қийинлаштириб қўйган.

- Олий таълимда 14 йил ўқидим, асосан тадқиқотчи сифатида фаолият юритдим, - дейди Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти органик синтез ва биоорганик кимё кафедраси профессори Хуршид Бозоров. – Илмий тадқиқот ишимнинг анча йили Хитойда ўтди. Хорижда ҳам ўқиш, ҳам ишлаш осон бўлмади. Баъзида ота-онамдан пул сўрашимга тўғри келди. Ўзбекистонга келсам ёшларнинг кўпчилиги ўқишдан кўра, пул топишга қизиқиб кетибди. Аслида инсон ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши керак. Шунда у касби ортидан ҳурматга сазовор бўлади ва оиласини боқишга етарлича пул топади. Масалан, мен ҳозир ҳам Хитойга борсам катта маошли ишга олишади. Аммо мен чет элдан кўра ватаним тараққиётига хизмат қилишни истайман. Профессор сифатида ҳозирги иш жойимда ҳам яхши маош оламан. Ёшларга бир нарсани айтишни истайман. Мақсад – пул топиш эмас, салоҳиятли мутахассис бўлишга интилиш керак.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.