Добусия ёки Добусқалъа тарихи ҳақида биламизми?

Самарқанд  билан Бухоро шаҳарларини ўзаро боғлаб турган Буюк Ипак йўли устида жойлашган қадимги шаҳарлар ичида энг йириги ва аҳамиятлиси бу Добусия шаҳарчасидир.

         Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган бу шаҳар барча Шарқ шаҳарлари каби уч қисмдан: арк, шаҳристон ва рабоддан иборатдир.

         Шаҳар аркида ҳукмдор ва сарой аёнлари, шаҳристонда шаҳарликлар ҳамда аслзодалар, рабодда эса ҳунармандлар, савдогарлар ва қўшинлар яшаган. Шаҳар атрофи чуқур хандак ва мустаҳкам мудофаа девори билан ўраб олинган.

         Шаҳар рабодининг шимоли ғарбий бурчагида имом Баҳра ота мақбараси барпо қилинган.

         Айрим манбаларда ушбу мақбара Абу Хурайра мақбараси, деб ҳам тилга олинади. Бу ерда сақланган қабртошлардан мақбарага дафн қилинган тарихий шахснинг шахсиятини аниқлашни имкони бўлмади. Мақбаранинг меъморий ечимлари ва ғиштларига асосланиб уни  XV-XVI асрларда барпо қилинган, дейишимиз мумкин.

         Добусия ҳақидаги дастлабки тарихий маълумотларни биз араб тарихчиси Йақубий(X аср) ва ватандошимиз Муҳаммад ибн Жафар Наршахий (X аср) ларнинг асарларидан ўқишимиз мумкин.

         Йақубий Суғд ҳақида гапириб бу тарихий ўлка “Самарқанд, Добусия, Қушония, Кеш ва Насафлардан иборатдир”-деб ёзган. Наршахий эса ўзининг “Бухоро тарихи”номли асарида “Бухоронинг подшоси яшаган улкан қишлоқ Пойкенд деб аталган, Добусия қалъасини эса шаҳар дея атардилар”,-деб ёзган эди. Бу маълумотдан шу нарса англашиладиким, ҳали Бухоро ва Пойкенд шаҳарлари пайдо бўлмасидан олдин Добусия шаҳар бўлгандир.

         Арабларнинг Моварауннаҳрга қилган юришларини ёритган тарихчилар ўз асарларида Добусия номини бир неча бор тилга олганлар. Айниқса, тарихчи Табарий, Добусия ва унинг атрофида бўлибўтган жангларни ёзиб қолдирган.

         Тарихий манбаларда Добусия атрофида сўнгги сомоний ҳукмдори ал-Мунтасир билан қорахонийлар ўртасида жанглар бўлганлиги, бу жангларда гоҳ сомонийларнинг қўли баланд келса, гоҳ қорахонийларнинг қўллари баланд келганлиги, охир оқибатда Исмоил ал-Мунтасир қочиб кетиб, Добусия Қорахонийлар қўлигаўтганлиги ёзилган.

         Тарихий манбалар ва археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, қорахонийлар даврида Добусияда савдо-сотиқ, меъморчилик анча ривожланган ва бу шаҳарда мис ҳамда кумуш тангаларни зарб қилиш йўлга қўйилган.

         XI асрнинг ўрталарига келиб Добусия яна икки сулола ўртасидаги низоларга гувоҳ бўлади. Маҳмуд Ғазнавийнинг ўғли Масъуд Хоразм ҳукмдори Олтинтошга, қорахонийлар қарамоғида бўлган Бухоро ва Самарқанд устига юриш қилишни буюради.

         Қорахонийлар лашкари Али Тегин бошчилигида Олтинтошга қарши чиқади ва бу жангда у мағлуб бўлиб Добусияга чекинади. Олтинтош Добусияни  қамал қилади, аммо шаҳарнинг мустаҳкам истеҳкомлари Хоразмликларни шаҳарга киришларига имкон бермайди. Узоқ муддатли қамалдан сўнг  ҳар икки томон ўзаро келишади. Шу тариқа Хоразм ҳукмдори Олтинтош Масъуд Ғазнавийнинг буйруғини бажара олмайди. Бунинг устига Олтинтош жанг пайтида қаттиқ ярадор бўлади ва бунинг оқибатида ҳалок бўлади. Аммо вазирнинг устамонлиги туфайли Хоразмликларшармандали мағлубиятдан қутилиб қоладилар.

         Тангашунос Борис Кочневнинг ёзишича, Добусиядан топилган тангаларнинг кўпчилигида “Ад Добусия Қутлуғ Ўрда”- деган  ёзув битилган. Бу ҳолат ушбу шаҳарни ниҳоятда улуғланганлигини кўрсатади.

         XIII асрнинг бошида юртимизда юз берган мўғуллар босқини Добусиянинг тақдирида ҳам жуда аянчли бўлди. Мўғул босқинчилари Бухоро шаҳри томонга ўтишда бу шаҳарни жуда қаттиқ вайрон қилдилар. Чунки Добусияликлар жуда кам сонли бўлсалар-да, ёвнинг катта қўшинига қарши чиқишга журъат қиладилар. Шундан сўнг шаҳарнинг катта қисми қайта тикланмади. Айнан шу даврдан бошлаб Добусия шаҳри “Добус қалъа” номини олади. Лекин, Добусия қалъа мақомига тушиб қолган бўлса-да, барибир у Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги муҳим стратегик аҳамиятга эга, иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавқеини сақлаб қолган.

         Добусия ёдгорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар бу шаҳарда савдо сотиқва ҳунармандчилик яхши ривожланганлигини кўрсатди.

         Добусияда ривожланган ҳунармандчилик турларига заргарлик, темирчилик, кулолчилик, тўқимачилик, чармгарлик каби соҳалар киради.

         Тарихчи Ибн Хауқалнинг ёзишича, Добусиялик тўқувчилар ихтиро қилган, пахтадан тайёрланган, “Ведари” дея номланган газлама Шарқ бозорларида жуда харидоргир бўлган. Бу газлама араб мамлакатларида “Хуросон парчаси” деб ҳам аталиб бу газламадан вазирлар, амирлар, бой савдогарлар ҳамда аслзодаларгина либослар тиктиришга қодир бўлганлар. Тарихчи Ибн Хауқалнинг ўзи ҳам бу газламадан либос тиктириб кийганлигини, беш йил ўтса ҳамки бу газламанинг ранги ўчмаганлигини ва йиртилмаганлигини ёзган.

         Қазишмалар пайтида Добусиядан топилган кулолчилик маҳсулотлари ўз сифати, нафислиги ва жаранги билан яққол ажралиб туради. Добусиялик темирчилар ясаган қурол яроғлар, совутлар ва меҳнат қуроллари ўз сифати билан ажралиб турган.

         Добусия ҳақида гап кетганида авваломбор, бу ерда туғилиб, униб-ўсиб, сўнгра етук ва машҳур олиму-уламолар бўлиб етишган шахслар ҳақида тўхталмоқ лозим бўлади.

         Тарихий манбаларда, ўрта асрларда Добусия шаҳри воҳанинг илмий, маданий ва маърифий маркази бўлганлиги, бу ерда жуда кўплаб фикхшунослар, ҳадисшунослар, қуръоншунослар, яшаб ўтганликлари ёзилган.

         Добусияда туғилган алломалар ҳақида сўз кетганида авваломбор Абу Зайд Убайдулло ибн Исо ад-Добусийни  номини тилга олмоқ лозим бўлади. У 978  йили Добусияда туғилган ва дастлабки билимни ўз она шаҳрида олиб сўнгра Бухоро шаҳрига бориб ўқишни давом эттиради. Ул зот етук уламо бўлиб етишгач, фикх ва шариатга оид бир неча муҳим асарларни ёзган. Аллома 1039 йили Бухорода вафот этган ва шу ерда дафн этилган.

         Добусияда туғилган алломалардан яна бири Зулайм ибн Хатит ад-Добусийдир. Бу зот кўплаб мамлакатлар бўйлаб саёҳатга чиққан ва ҳадислар тўплагандир. Айрим маълумотларга қараганда бу зот Имом ал Бухорийнинг устози ва яқин кишиси бўлган экан. Тарихчи ас-Самонийнинг маълумотича аллома 866 йили Добусияда вафот этган.

         Абулқосим Али ибн Абу Яъло ал Музаффар ибн Ҳамза ибн Зайд ал-Алавий, ал-Ҳусайний, аш-Шофиъий ад-Добусий ҳам ушбу шаҳарда туғилган бўлиб, ул зот ҳам араб тилини яхши билган, фикх ва ҳадис илмлари билан шуғулланган, баҳс-мунозараларда ҳамиша ғолиб бўлган.

         1086 йили Боғдоддаги Низомия мадрасасида дарс берган. Ул зот 1089 йили Боғдод шаҳрида вафот этган.

         Албатта, биз яна бир неча ўнлаб Добусияда туғилиб етук олиму-уламолар бўлиб етишган улуғ зотлар ҳақида гапиришимиз мумкин, аммо бунга бир кичик мақола доирасида тўхталишнинг имкони йўқ.

         Бизгача етиб келган айрим тарихий манбаларда айтилишича,XIX асрларда ҳам Добусия ёдгорлиги ҳудудида Зиёвуддин бегининг қароргоҳи, масжид ва бошқа иншоатлар мавжуд бўлган. Нарпай, Пахтачи ва Хатирчи туманларида яшовчи аҳоли яқин кунларгача йилига икки марта-Қурбон ва Рамазон ҳайитларида бу ерга йиғилишиб намоз ўқишиб сайиллар ўтказганлар.

         Бундан 10 йиллар илгари Ўзбекистон Фанлар Академияси Я.Ғуломов номли археологик тадқиқотлар институти билан Япониялик олимлар ҳамкорликда Добусияда қазишмалар олиб бордилар. Бу ёдгорликда  олиб борилган кенг кўламли қазишмалар натижасида ушбу шаҳарчага бундан 2600  йиллар илгари асос солинганлиги исботланди.

         Бу ушбу шаҳарни Зарафшон воҳасида Самарқанддан кейинги иккинчи қадимий шаҳар эканлигини кўрсатади. Ҳа, бу қадимий шаҳарнинг табаррук тупроғида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо ва Муҳаммад Шайбонийхон каби улуғларимизнинг излари сақланган. Шунингдек, бу шаҳарнинг бағрида халқимизнинг қарийб уч минг йиллик тарихи, маданияти ва маънавияти ухлаб ётибди.

        

                                                                           Амриддин Бердимуродов,

археолог.