Дональд Трамп Хитойни коронавирусга кеч эътибор қаратганликда айблади
АҚШ Президенти Дональд Трамп 19 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Хитойни коронавирусга кеч эътибор қаратганликда ва янги вирус ҳақида дунё жамоатчилигига ўз вақтида хабар бермаганликда айблади.
“Биз бу ҳақида бир неча ой илгарироқ хабар топганимизда, вазият анча енгил бўларди. У (вирус) Хитойнинг ўша аниқланган жойида ушлаб турилиши мумкин эди. Албатта, улар (ХХР) қилган иши учун бутун дунё ўлкан ҳақ тўламоқда”, деди Трамп Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда.
“Улар шифокорларга бу ҳақда хабар беришларига йўл қуймаганлари учун бутун дунё қиммат ҳақ тўламоқда. Улар бугун бераётган хабарларига тўхталадиган бўлсак, ким билади, булар (маълумотлар) ҳақиқат деб умид қиламан”, деди сўнгги кеча-кундузда Хитой ҳудудида биронта ҳам COVID-19 коронавирусига чалинганлар қайд этилмаганлиги тўғрисида тарқатилган хабарларга урғу берган Трамп.
Чоршанба куни Трамп маъмуриятининг миллий хавфсизлик Кенгаши Twitter ижтимоий тармоғида ХХР ҳукуматини коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда ва янги турдаги хавфли вирус ҳақида хабар бермоқчи бўлган шифокор ва журналистларга тазйиқ ўтказганликда айблади.
2020 йилнинг бошида дастлаб ижтимоий тармоқларда кейинчалик жаҳон ОАВда хитойлик шифокор Ли Вэньлян тўғрисида тарқалган маълумотлар барчани ларзага солди. Ўтган йилнинг декабр ойида Ли Вэньлян биринчи бўлиб номаълум вирус авж олаётгани ҳақида хабар берган. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари уни ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаб таҳдид қилишган.
Февраль ойининг бошида доктор Ли коронавирус оқибатида вафот этди.