Доноликни қаердан ўрганиш мумкин?
Донолик хусусиятга эга бўлган кишиларни ҳурмат қилади, улардан маслаҳат олади. Одамлар улардек бўлишни истайдилар, лекин ҳозирги замонда донишмандлик иборасига бошқача қарашади. Чунки, баъзан ёш бола ҳал этган қийин масалани катталар ечолмайди. Бундай вақтда кимни доно дейиш мумкин?
Донишмандлик ҳақида гапирганда кўз ўнгимизга узоқ умр кўрган, кўп нарсани билиб, ҳаммага маслаҳат берадиган оқ соқолли чол гавдаланади. Шунинг учун халқ оғзаки ижодидаги жуда кўп ривоятлар нуроний донишманд билан боғлиқ.
Доноликни ўрганиш мақсадида бир ўспирин йигит донишманд олдига келиб, бу сифатга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида сўрабди. Чол йигитга жавоб бермабди. Бу ҳол бир неча бор давом этибди. Бир куни чол йигитдан дарёдан кечиб ўтишга ёрдам беришини сўрабди. Сувга тушиб, энг чуқур жойига боришганда, чол бор кучи билан йигитнинг бошини сувга ботирибди. Нафаси қайтган йигит типирчилаб, бошини сувдан чиқаришга уринибди. Жон-жаҳди билан сувдан халос бўлишни истаган йигитни чол қўйиб юборибди ва унга “доно бўлишни жуда хоҳласанг, унга эришасан”, дебди. Бу жуда оддий ҳикоят, инсон фақат ўз хоҳиши билан доно бўлиши мумкинлигига ишорадир.
Доноликни ўргатадиган фан мактабларда йўқ, уни фақат ҳаёт ўргатади.
Доно бўлиш учун воқеа-ҳодисаларга ички нигоҳ билан боқиш ва уларни ички сезги билан англаш керак. Донолик фавқулотда келмайди, аксинча, йиллар давомида шаклланади. Донолик инсонга эзгулик қилиш учун берилган. У орқали муаммолар ҳал бўлиб, бахтга эришилади. Қуйида доноликка эга бўлишга ёрдам берадиган бир неча тавсиялар тақдим этилган:
- вақтингизни ўзингиз учун керакли масалаларни ечишга сарфланг. У шунинг учун берилган.
- доно бўлишга аҳд қилдингизми, шуни ўзингизга мақсад қилинг ва уни амалга оширишга бел боғланг. Донолик чўққисига чиқиш зинапоянинг энг пастидан бошланади.
- фақат орзу ва хом хаёллар билан яшаманг. Ҳаракат қилишни ўрганинг. Ҳар куни фойда келтирган ҳалол иш сизни донолик сари етаклайди.
- ақлли ва омадли одамларнинг тажрибасини ўзлаштиринг. Доно инсонларга дуч келсангиз, уларнинг гапи, қарори, маслаҳатларини таҳлил этинг. Шунда уларга ўхшагингиз келади, чунки улар жуда оддий одамлар эканига гувоҳ бўласиз.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ тайёрлади.