ДТМ тест синовларининг дастлабки якунлари бўйича маълумот берди

2021/2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари 2021 йил 5 августдан 16 августга қадар 12 кун давомида кунига 2 сменада бўлиб ўтди.

Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида танлаб олинган 53 та очиқ майдон (стадион ва хиёбон) да ўтказилди.

Унда иштирок этиши белгиланган 948 211 нафар абитуриентдан 892 242 нафари (94,1 фоизи) иштирок этган бўлса, 55 969 нафари (5,9 фоизи) турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмади.

Тест синовларида энг кўп абитуриент Тошкент шаҳри (172 400 нафар), Қашқадарё (91 855 нафар) ва Самарқанд (85 987 нафар) вилоятларида иштирок этди.

Жами 563 нафар (948 211 нафардан) абитуриент, жумладан 328 нафари (892 242 нафардан) тест синови жараёнида, 235 нафари (55 969 нафардан) ҳудудга киришда тартиб-қоидани бузганлиги сабабли тест синовидан четлатилди.

Тест синовига келган вақтда 110 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37º C дан юқори эканлигини аниқланганлиги сабабли бошқа абитуриентларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, тест синовларига киритилмади. Улар учун 30 августга қадар қўшимча тест синовларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳудудга киришда барча абитуриентлар шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери) орқали шахси тасдиқланган ҳолда тест синовларига киритилди. Тест синови жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиб, test2021.uz сайти орқали онлайн трансляция қилиб борилди.

Aбитуриентлар тест синовида иштирок этган кунининг эртасигаёқ my.dtm.uz сайти орқали ўзлари ишлаган жавоблар варақасининг рангли сканер қилинган ҳолатини юклаб олишлари ва тест синовида тўплаган балларини билишлари мумкин бўлди.

Шунингдек, тест синовларида шаффофликни янада ошириш мақсадида mandat.dtm.uz  сайти ишга туширилиб, мазкур сайт орқали абитуриентларга бошқа абитуриентларнинг натижалари билан ҳам танишиб бориш имконияти яратилди.

Тест натижаларига кўра, 75 нафар абитуриент максимал 189 балл тўплашга муваффақ бўлди. Энг кўп максимал балл олган абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети (22 нафар), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (13 нафар) ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (11 нафар) ни танлаганлар орасида кузатилди.

Ҳозирда тест синовида иштирок этган барча абитуриентларнинг тест натижалари эълон қилинган бўлиб, тана ҳарорати юқори бўлган ва коронавирусга чалинган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилгандан сўнг якуний танлов натижалари ҳисобланади ва Давлат комиссиясининг баёни билан эълон қилинади.