Думалоқ, қулаб тушмайдиган ва ўз-ўзидан кўпаядиган тошлар
Табиат одамларга жуда кўп сир ва турли жумбоқларни тақдим этади ва тошлар, эҳтимол, уларнинг энг ғалатисидир. Баъзи ҳолларда одамлар бирор бир табиат ҳодисасининг ғайритабиийлигидан ҳайратда қолса, тошлар билан боғлиқ ҳодисаларни тушуниш умуман қийин кечади.
Бугун физиканинг маълум бир қонунларига зид “ҳаракатланадиган” сирли тошлар билан танишамиз.
Муаллақ (осиғлиқ) тошлар
Бундай тошлар сайёранинг турли қисмларида учрайди. Америкада жойлашган Сан-Бернардино тоғларининг ғарбий қисмида жуда нозик пойдеворда “илиниб” турган кўп тоннали улкан блокларнинг кўплаб ҳолатларини учратиш мумкин.
Расмий равишда тошларнинг бу кўринишга келиш сабаби материал қисмларининг минг йиллар давомида ёмғирлар ўпириши ва нураши туфайли содир бўлган, деб айтилади. Тўғри, бу ердаги манзаранинг ўзи маълум бўлган физика қонунларига амал қилмасдан кишига бу қумтошлар ҳар қандай ҳолатда ҳам нозик пойдеворлар устидан қулаб тушиб кетиши керак, деган фикрни уйғотади.
Ажабланарлиси, муаллақ тошларнинг барчаси сейсмик зонада жойлашган. Яъни, улар кўп маротаба зилзилаларга бардош бериб, ҳали ҳам йиқилмасдан ўз жойида турибди. Ғалати туюлса-да, олимларнинг ўзлари шахсан тошларни силкитиб ўз маълумотларида бу ҳақда ҳисоб беришди: тошлар чайқалади – лекин қулаб тушмайди.
Гарчи дунёда осилиб турган тошларнинг бошқа мисоллари мавжуд бўлса-да, бу ҳолат олимларни ҳайратда қолдириб келади. Мисол учун, Россияда энг машҳур осиғлиқ тош Ергаки табиат боғида жойлашган. У тубсизлик устида қотиб қолган деярли 600 тонналик катта палахса ҳисобланади. Мьянмада эса худди шундай тош бўлган қоя зиёратгоҳга айлантирилган.
Тирик тошлар
“Тровантлар” номини олган тошларнинг ўсиши, ҳаракатланиши ва ҳатто кўпайиши каби мисоллар бор. Бу тошлар Руминиянинг марказий қисмида “яшайди”.
Уларнинг ўсиши ҳам, кўпайиши ҳам мутлақо тушунарсиз ҳолат. Бошқа ўсимликлар каби улар сувдан... аниқроғи, ёмғирдан озиқланади. Ёмғир даврида тровантлар катталаша бошлайди, бу ўсиш уларни тез-тез ва табиий равишда ҳаракатга келтиради.
Шу тарзда кўринмас, назар илмайдиган тош бир неча йил ичида оғирлиги 1 тонна, баландиги эса 10 метргача бўлган улкан юмалоқ тошга айланади. Қизиғи, кўплаб тирик организмлар, шу жумладан одамларга хос бўлгани каби улар биринчи босқичда тезроқ ўсади, катталашгач ўсиш тезлиги пасаяди.
Тровантларнинг кўпайиши бироз куртакланишни эслатади – одатда бу тошлар намлик энг кўп бўлган жойда кўпаяди ва махсус ўсимта ажратади. Ўсимта “ота-она”сидан ажралиб тушади ва мустақил ўсишни бошлайди. Кейин эса у барча тирик мавжудотларнинг асосий хусусиятларидан бирига хос ўзига ўхшаган тровантларни кўпайтиради. Бу табиатнинг мўъжизаси, шундай эмасми?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.