Дунё иқтисодиётига янги инқироз хавф солмоқда

Bloomberg томонидан ўтказилган сўровномада мутахассислар жорий йилнинг охирига қадар дунё иқтисодиёти янги муаммоларга дуч келишини тахмин қилди.

Маълум қилинишича, дунё иқтисодиётининг коронавирус инқирози тубидан чиқиши кучсизланмоқда. Шу сабабли 2020 йилнинг охири қандай бўлиши ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, айни вақтда глобал молиявий тизимнинг келгусидаги ривожланиши билан боғлиқ бир қанча хавф мавжуд. Улардан бири коронавируснинг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкин бўлган, яқинлашиб келаётган қиш.

“Яна бир муаммо, АҚШ ва Хитой ўртасида юзага келган зиддиятли вазият. Ноябрда АҚШ президентлиги учун ўтказилиши кутилаётган сайловлар муносабатларни янада кескинлаштиради. Бу ҳолат ўз-ўзидан дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади”, деб фикр билдирди мутахассислар.

Шунингдек, мутахассисларнинг таъкидлашича, айни тикланиш жараёни бошлангандек кўриниши мумкин, бироздан сўнг яна пасайиш кузатилади. Кўплаб мамлакатларда ишсизлик билан боғлиқ ва меҳнат бозоридаги вазият тикланаётганлиги кузатилмоқда. Бироқ позитив тахминларни ушлаб қолиш осон бўлмайди. Ҳатто вакцина ишлаб чиқарилганидан кейин ҳам у яқин вақт ичида, коронавирусни қаттиқ назорат қилиш учун етарли даражада оммавий етказиб берилмайди. Бу ҳолат ўз навбатида, барқарор бизнес олиб боришга салбий таъсир кўрсатади.