МДҲ давлатлари кутубхоначилари Самарқандда жам бўлди

Пойтахтимизда 19-20 май кунлари “Китоб ва мутолаа – жамият тараққиётининг стратегик ресурси” мавзусидаги XVI халқаро конференция бўлиб ўтади. Бугун конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳрига келди.

Меҳмонлар дастлаб Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб, кутубхона фаолияти, ходимлари билан яқиндан танишди, бу ерда яратилган шароитлар, имкониятлар, сақланаётган қадимий қўлёзмалар, нодир адабиётларни кўздан кечирди.

Шунингдек, иштирокчилар учун кутубхонанинг ўзида “Халқаро ўзаро таъсир: ўқиш маданиятини ривожлантиришда ҳамкорликнинг янги имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. МДҲ давлатларидан келган мутахассислар китобларни сақлаш, кутубхона фаолиятини янада кенгайтириш, китобхонлар сонини ошириш борасида тажрибалари билан ўртоқлашди. Кутубхона фаолиятига оид маълумотлар слайдлар орқали етказилди.

-  Кутубхоначи мутахассисларнинг айнан Самарқандга ташрифи бежис эмас, - дейди Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шаҳодат Аҳмедова. – Чунки кутубхонамизда буюк аждодларимизнинг ноёб ва нодир асарлари кўп. Меҳмонларни 15-16 асрдаги нодир қўлёзмаларимиз қизиқтириб қўйди. Бугунги кунда бу асарлар турли тилларга таржима қилинаётгани уларни янада ҳайратлантирди. Шу боис ҳам улар билан келгусида нодир асарларни бошқа тилларда таржима қилишда, қолаверса, кутубхоначилик фаолиятида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. 

 Шундан сўнг иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий ва диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

Ҳусан Элтоев.