Дунё халқларининг анъанавий экзотик бош кийимлари
Турли маданиятларга бой дунёмизда ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари, миллий либослари бор. Бугун кийимнинг ўзига хос элементи - бош кийимга эътибор қаратиб, ҳозирда ҳам кийиладиган, ташқи кузатувчига баъзилари жуда экзотик, бошқалари эса ғалати туюлиши мумкин бир нечта анъанавий бош кийимларни тўпладик.
Чада
Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида монархия ҳукумати рамзини англатадиган баланд ва мураккаб нақшли чада жуда ўткир учли шаклга эга, у олтиндан ясалган ёки олтин билан қопланган. Ҳозирги кунда уни кўпинча Таиланд театрлаштирилган томошаларида кўриш мумкин.
Бигуден
Бош кийимнинг бутун бир ҳудудга ном берганининг ажойиб мисоли. Франция давлатининг узоқ ғарбий қисми Бриттанида либослари, урф-одатлари бир неча асрлар давомида олимлар ва рассомларнинг эътиборини тортиб келадиган одамлар яшайди. Бигуден маҳаллий аҳоли - кельтларнинг ҳақиқий рамзига айланди. Бир пайтлар бошда аранг кўриниб турган тўрсимон матодан тикилган бу чепчик 1940 йилларга келиб цилиндрсимон қалпоққа айланиб, 40 сантиметргача етди. Франциянинг Бриттанисидаги Бигуден юртида аёл кишининг тадбирларда бундай бош кийимда пайдо бўлиши одатий ҳол.
Ти-и-лангга
Бамбук, пальма барглари ва ҳайвон шохидан ясалган анъанавий Индонезия шляпаси. Бу шляпа шунчалик қадимийки, маҳаллий аҳоли нега у айнан шундай ғалати шаклга эга бўлиши кераклигини тушуна олмайди.
Узун шохли мяо
Хитой халқларидан бири - узун шохли Мяонинг анъанавий бош кийими шох, соч ва иплардан иборат. Ушбу бош кийим бир неча авлод қабила қизларининг тушган сочларини ҳайвон шохига ўраш орқали тайёрланади. Оғирлиги 6 килограммгача етадиган ҳосил бўлган шакл иплар билан мустаҳкамланади.
Перак
Ҳимолай аёлларининг бош кийими фируза ва кўк рангли ложувард минераллар билан безатилган чарм тасмадан иборат. Перак оилавий қадрият бўлиб, авлоддан-авлодга ўтади. Ҳимолайликлар бу бош кийим ёвуз руҳлардан ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонади.
Водабе шляпаси
Нигерияда яшовчи Водабе қабиласининг рангли чарм қўшимчалари бўлган анъанавий шляпасини фақат юзини ёрқин ранглар билан бўяган эркаклар кияди.
Штраймл
Жуда кўп мўйна билан ўралган ҳасидларнинг анъанавий бош кийими фақат катта тантанали махсус маросимларда кийилади.
Тагалмуст
Тагалмуст шамол, қум ва ёвуз руҳлардан ҳимоя қилувчи тўқ кўк рангли бош кийими. Араб босқинчилари ҳукмронлиги остида яшашни истамаган ва Саҳрои кабирга чиқиб кетган Шимолий Африканинг бербер аҳолисининг бир қисми - туареглар орасида кенг тарқалган. Уни ҳатто овқатланаётганда ҳам, ухлаётганда ҳам ечмасдан кийишади.
Роуч
Ҳиндулар тўғрисидаги фильмлар орқали бизга яхши таниш патлардан иборат бош кийим Американинг туб аҳолиси билан қаттиқ боғланган. Роучнинг асосий мақсади эгасини ҳимоя қилишдир, гўзаллик ва ранглар уйғунлашуви эса иккинчи даражада. Шундай бўлса-да, ушбу ностандарт анъанавий бош кийимни бугунги рўйхатга қўшмаслик ғалати бўлган бўлар эди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.