Дунёдаги буюк деворлар

Одамлар минг йиллар давомида ўзларини ҳимоя қилиш, бирор жойни тақсимлаш ёки ўзини ва бошқаларни ўзидан алоҳидалаш каби турли мақсадларда деворлар қуради. Баъзи деворларни вақт шамоллари супуриб ташлайди, баъзилари эҳтиёткорлик билан тикланади, бошқалари эса ҳали ҳам бўлиниш вазифасини бажаради.

Деворлар ҳам келишмовчилик рамзи, ҳам куч ва хавфсизлик тимсолига айланган. Баъзи иншоотларни қуриш кўлами ҳайратланарли - уларнинг буюк деб аталиши ҳам бежиз эмас...

Буюк Хитой девори

 

Великая Китайская стена/ © commons.wikimedia.org

Инсон қўли яратган Буюк Хитой деворидан ҳам каттароқ ёдгорликни тасаввур қилиш қийин бўлса керак. Асл узунлиги 21 000 километрни ташкил этадиган Хитойнинг турли ҳукмдорлари ва императорларининг кўп асрлик меҳнатлари натижаси улкан аждаҳо каби Хитойнинг тоғлари, водийлари, чўллари устидан шарқдан ғарбга қараб "учади". Буюк Ипак йўлига тўсиқ бўлиб хизмат қилган ва асосий мақсади империяни шимолдан келган мўғул босқинчиларидан ҳимоя қилиш бўлган девор қурилиши 7-асрда бошланиб, 1878 йилда якунланган. Лекин ҳарбий нуқтаи назардан бу девор бутунлай самарасиз бўлиб чиқди ва Хитойни қулликдан қутқара олмади. Шунга қарамай, Буюк Хитой девори мамлакат қудрати рамзи ва бутун дунё ўртасидаги ўзига хос тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Буюк Ҳинд девори

Великая Индийская стена/ © topvoyager.com

36 километрга чўзилган сайёрадаги иккинчи энг узун девор Кумбалгарҳ қалъасини ҳимоя қилади. 7 та дарвоза, 700 та таянч қўрғони, кетма-кет саккизта чавандозга ўтиш имконини берадиган кенглик ва сирт зинапоялари бириктирилишини қийинлаштирадиган махсус тўсиқлар – бу Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги Ражастан штатида жойлашган буюк Ҳиндистон деворидир.
Кумбалргарҳ қалъаси ёки қўрғоннинг ўзи тоғда жойлашган бўлиб, бу девор унга ҳар томондан яқинлашишни тўлиқ ҳимоя қилади. Одатда тўсиқлар мамлакатлар, империялар ёки катта ҳудудларни ҳимоя қилиш учун қурилади, бироқ бу ердаги 36 километрлик бақувват девор фақат биттагина қалъани ҳимоя қилиши тарихдаги ноёб ҳолат.

Саксайуаман деворлари

Стены Саксайуамана/ © globalextreme.ru

Бу иншоот Перуда жойлашган ва олимларнинг фикрича, деворлар Инк империясидаги қадимий Куско шаҳри ҳимояси учун қурилган. Тоғ ёнбағрида бир-бирининг устида, улкан ёйилган тошлардан қурилган учта эгри-бугри чизиқли тўсиқ қад ростлаб туради. Улардаги улкан тошлар бир-бирига шунчалик аниқлик билан ўрнатилганки, орасидаги бўшлиққа ҳатто қоғоз варағи ҳам сиғмайди, дейишади.
Қизиғи, Саксайуаман деворлари шаҳар жойлашган бутун тепаликни ўраб олмайди ва ён томони ҳужум учун очиқ эди. Шу сабабли, қадимги инклар нима учун бу ғалати деворни барпо қилганлиги ҳалигача ҳам номаълум. Шунга қарамай, улар конкистадорлар ҳужумлари ва зилзилаларга бардош бериб, бугунги кунда ҳам сайёҳларни ҳайратлантириб келмоқда.

Исроил ажратиш тўсиғи

Израильский барьер/ © bigpicture.ru

Исроил 2003 йилда Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 703 километрлик ажратиш тўсиғи қурилишини бошлади ва бу қурилиш бугунги кунгача давом этмоқда. Асосан ҳаракат сенсорлари ўрнатилган бу девор оддий тиканли симли панжара ва бўлинувчи чизиқдан иборат. Лекин Қуддус яқинида у кучли пойдевор ва темир-бетон блоклар билан кўтарилган даҳшатли шаклларни олади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб шикоятлари ва қоралашларига қарамай, Исроил ўзининг “Буюк ажратиш девори”ни олиб ташламоқчи эмас, чунки у йиллар давомида террорчиларга қарши курашда ўзининг самарадорлигини исботлаб келмоқда.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.