Дунёдаги энг бемаъни суд процесслари
Суд – адолат тикланадиган жой. Лекин баъзида одамлар фойда олиш учун судга бемаъни даъволар билан мурожаат қилишади. Жуда узоқ вақт душ қабул қилса нима бўлади ёки 6 ёшли ўғли орқали қандай қилиб қонуний равишда ярим миллион доллардан кўпроқ пул ишлаб олиш мумкин? 2002 йилда АҚШда сўнгги 5 йил давомида энг тутуриқсиз суд даъволари учун берилган Стелла мукофоти таъсис этилган.
Бугун уларнинг баъзилари билан танишамиз.
Оҳ, бу стаканлар!
Ғалати суд ишлари орасида Стелла Либекнинг иши алоҳида ўринга эга. 1992 йилда АҚШда 79 ёшли нафақахўр McDonald’s устидан даъво қилиб, 2,5 миллион доллар ундиришга муваффақ бўлди. Аёл ўз устига бир стакан қаҳвани тушириб юбориб жиддий жароҳат олди. Дастлаб Либек муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга уриниб кўрди: у 20 минг доллар товон пули сўради, ресторан унга рад жавобини бергач, иш судгача етиб борди. Суд маслаҳатчилари McDonald’s айбдор деган қарорга келди, уларнинг фикрига кўра стакан устига кофе иссиқ эканлигини ёзиб қўйиш керак экан. Шундан сўнг аёл фойдасига тармоқнинг қаҳва сотишдан тушган икки кунлик даромадига тенг товон пули ва жарима тайинланди.
Оёғимни синдирганинг учун раҳмат, ўғлим!
Диван танлаш жуда хавфли иш бўлиши мумкин. Техаслик фуқаро мебель дўконида югуриб келаётган бола билан тўқнашиб кетди, натижада унинг оёғи синди. Суд дўкон эгаларини болалар учун алоҳида ўйин хонаси яратмаганликда айбдор деб топиб, аёлга 780 минг доллар товон пули ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Ҳодиса сабабчиси бўлган болакай жабрланувчининг ўғли эди, бироқ масаланинг бу томони судни умуман қизиқтирмаган.
Душга “лимит”
Нафақат АҚШда, балки бошқа жойлардаги судларнинг баъзи қарорлари кулгили ва муҳокамалар сабабчиси бўлиши мумкин. 2008 йилда Россиянинг Кемерово областидаги коммунал квартира яшовчиси узоқ чўмилгани учун ўз қўшниларини судга берди. Суд даъвони қаноатлантирди ва қўшнилар учун ювиниш чегарасини белгилади – 20 дақиқа! Суд ижрочилари қарор бажарилишини қандай текширганлиги ва “лимит”дан ошган қўшниларга қандай жазо чоралари кўрилишини тахмин қилиш мумкин холос.
Ажрашаяпмиз: конфетларимни қайтар!
Екатеринбурглик бир жуфтликнинг ажралиш амалиёти одамларга нафақат никоҳ қайд этишда, балки фуқаролик муносабатларда ҳам ҳам шартномалар жорий этиш лозимлиги ҳақида ўйлашга ундайди. Эркак суд орқали собиқ севгилисидан унга барча совғаларини қайтаришни талаб қилди. Рўйхатга олмосли узуклар, қимматбаҳо машиналар, ҳатто маркали сумкалар ҳам... кирган эмас. Булар ўрнига “Қуш сути” ширинлиги, шоколадли конфетлар (бўлганда ҳам, оддий эмас ёнғоқлиси), беш дона олма, термометр, етти жуфт пошнасиз сариқ ботинка (саккизинчисини махсус байрам учун сақлаб қўйган бўлса керак), хўжалик сумкаси ва шунга ўхшаш яна бир неча “қимматбаҳо” нарсалар бор эди.
Севгилиси эса ажралиш пайтигача барча егуликларни еб, пойабзалларни камбағал кишиларга тарқатиб бўлган экан. Суд даъвогарга бундан буён бўлғуси шериклари билан олдиндан барча ширинликларни қайтариш бўйича музокаралар олиб бориш кераклигини қўшимча қилиб, даъвони қондиришдан бош тортди. Ноқулай аҳволга тушиб қолмаслиги учун фуқарога адвокатлар ёрдамида шартнома тузиш маъқуллиги тавсия қилинди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.