Дунёдаги энг хавфли туристик йўналишлар

Бизнинг Еримиз ниҳоятда гўзал, бироқ унинг гўзаллиги билан бирга хавфли ва ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган жойлари ҳам кўп. Кимдир бу жойларда саёҳат қилишга интилса, бошқалари яшашга ва ҳар куни табиат билан курашишга тайёр эканлигига ишониш қийин.
AdMe.ru  сайти дунё  бўйлаб сайёҳларнинг алоҳида гуруҳлари томонидан қадрланадиган, омон қолишга чидамлилилик, топқирлик ва маҳорат талаб қиладиган хавфли диққатга сазовор бурчаклар рўйхатини эълон қилди. Бу ерлардаги соҳилларда сокин дам олиб, ўз таътилингизни тинчгина ўтказа олмаслигингиз аниқ.  

Данакиль чўли, Эритрея

Қайнаб турган олтингугурт кислотаси ва газлар, жазирама иссиқ ҳамда қайнаб турган шиддатли лава – бу дўзахнинг қисқача тафсифи эмас, балки Африка Эритреясидаги Данакиль чўли. Бу ернинг ҳар қадамида фаол вулқонлар бор, ер остидан заҳарли гейзерлар отилиб туради. Қўрқинчли жой, лекин унинг ниҳоятда гўзаллиги бу ерга саёҳатчиларни жалб қилади. Агар сиз Данакилни кўришга қарор қилсангиз, бу ерга тажрибали йўл кўрсатувчисиз саёҳат қилиш қатъиян ман этилади.

«Филлар қироллиги», Чонбури, Таиланд

Қиролликдаги тимсоҳ фермасида сайёҳларга тимсоҳларни устидан сузиб ўтиш ва ҳатто уларга овқат бериш учун кичик, пластик бочкалар устида ўрнатилган жуда юпқа ёғочдан ясалган, ярим ёпиқ сол(кемача)ни ижарага беради. Сайёҳларга тимсоҳларни боқиш учун махсус қармоқлар берилади. Рептилиялар эса ўзига берилаётган емни олиш учун сувдан деярли сакраб чиқишади. Уларга қараб тўғридан-тўғри тўсиққа осилиб, тимсоҳларни масхара қилишдан тоймайдиган жасур сайёҳлар ҳам топилади…

Вашингтон тоғи, АҚШ

Сайёрадаги энг кучли шамоллар эсадиган жой бу - Вашингтон тоғининг тепаси. Бу ерда қайд этилган максимал тезлик 327 км/соатни ташкил қилади, бу баъзи тезюрар поездлар тезлигидан ҳам каттароқдир. Шамол тезлигига 40 даража совуқ ҳарорат ва доимий қор ёғишини қўшсак, бу жойдаги шароитлар чидаб бўлмас даражада оғирлигини билиб оламиз. Тоғнинг баландлиги 1917 метр бўлишига қарамай, унинг чўққисига чиққан одам (ҳа, бундайлар топилади) Эверест тоғида (8848.86 м.) бўлиш билан таққосланадиган босимни бошдан кечиради.

Илонлар ороли, Бразилия

Бразилия соҳилидаги Кеймада-Гранди ороли сайёрадаги энг хавфли жой сифатида тан олинган. Сабаби унинг “аҳолиси” дунёдаги энг заҳарли ботропс илонлардан иборат. Оролда ҳар квадрат метрга 5 та илон тўғри келади. Бир вақтлар бу ерда маёққа хизмат қилувчи одамлар яшаган, лекин уларнинг барчаси илонлар ҳужумидан сўнг вафот этган. Ўшандан бери маёқ автоматик режимга ўтказилди ва Бразилия расмийлари сайёҳларга бу жойга боришни (ҳатто яқинлашишни ҳам)тақиқлаб қўйди.

Ўлим водийси, Камчатка, Россия

Камчаткадаги машҳур гейзерлар ёнида ўлим водийси жойлашган. Ҳудуддаги заҳарли газлар концентрацияси ортиши сабабли барча тирик мавжудотлар катта хавф остида қолиб, ўсимликлар ва ҳайвонлар нобуд бўлмоқда, келиб қолган одамда эса тўсатдан иситма, бош айланиши ва титроқ бошланиб ўзини ёмон ҳис қила бошлайди.

Бикини атолли, Маршал ороллари

Бир қарашда бу орол уммон ортида ташлаб қўйилган жаннатга ўхшайди. Қўшма Штатлар барча аҳолини эвакуация қилиб, ўз ҳудудида ядро қуролини синаб кўришни бошлагунга қадар Бикини маржонлар ороли шундай жой эди. Синовлар ниҳоясига етди, бироқ орол ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди: ҳудудда радиациянинг аномал даражадаги кўплиги ва саратон касаллигига чалиниш хавфи юқори бўлгани сабабли бу ерда узоқ вақт қолиш тақиқланган.

Натрон кўли, Танзания

Бу сунъий йўлдош туширган бошқа сайёрада олинган сурат эмас, балки Танзаниядаги Натрон кўлининг манзараси. Кўлда туз ва ишқор миқдори шунчалик юқорики, ҳатто унинг юзасига теккан барча тирик мавжудот ўлади. Маълум сабабларга кўра, бу кўлда сузиш тақиланган ва унинг тубидан келадиган водород сулфидининг ўзига ҳос ҳиди туфайли сиз ҳатто қирғоқда туриб узоқ вақт унинг чиройидан завқлана олмайсиз.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.