Дунёдаги энг ёрқин шаҳарлар
Жазирама иссиқдан чарчадингизми? Таътилга чиқиш вақти келди, лекин уни қандай ўтказишни билмай турибсизми? Атрофингиздаги чанг ва қуруқлик кайфиятингизга таъсир қилаётгандир. Бугун биз сиз учун дунёдаги энг ранг-баранг жилоли шаҳарлар рўйхатини туздик. Зеро, уларга бир қарашнинг ўзигина кишида табассум уйғотиб, кўнглини кўтаради.
Шефшауэн
“Мовий шаҳар” Марокашнинг Риф тоғларида жойлашган. Тош ётқизилган кўчалар, уйлар орасидаги майда йўлакчалар, эшик ва деразалар, масжидлар ва майдонлар – буларнинг барчаси кишини ҳаяжонга солади, негаки улар ёрқин ва кўзни қамаштирувчи кўк рангга бўялган, эҳтимол бу само ва жаннат рамзидир ёки... чивинларни қўрқитувчи ранг бўлса ажабмас.
Гуанахуато
Бу гўзал тоғли масканни Мексикадаги энг гўзал шаҳар деб аташ мумкин. Тепаликларда жойлашган бир вақтлар кумуш қазиб олишнинг йирик марказида черковлар билан кесишган ранг-баранг барокко ва неоклассик услубдаги уйлар жуда чиройли тарзда тепага қараб қад кўтариб туради. Бунга ҳавас қилишга арзийдиган манзарали ерости туннеллар тармоғини қўшинг ва ҳаётингиздаги энг ёрқин ва қизиқарли жойлар кузатувчисига айланасиз.
Ия
Санторини ороли четидаги вулқон оғзи (кратери сув остида қолиб кетган) атрофини қордек оппоқ уйлар, кўк гумбазли томлар, шунингдек қизил рангли гўзал қишлоқлар ўраб олган. Оч пушти рангли дераза ва тўсиқлар – барчаси биргаликда ҳатто булутли об-ҳавода ҳам имкон қадар қувноқ ва жозибали кўринади ва Юнонистон бўйлаб саёҳат қилувчи барча сайёҳларни ўзига жалб қилади.
Кейптаун
Жанубий Африканинг асосий шаҳарларидан бири нафақат яқин атрофдаги пингвинлар сайри, балки миллий боғларининг бир-бирига яқинлиги ва сақланиб қолинган мустамлака ҳудудлари билан ҳам мақтана олади. Улардан бири бир вақтлар голланд мустамлакачилари томонидан қурилган Бо-Каап масканидир.
Бугунги кунда бу маскан энг гўзал, ёрқин ва жонли гўшалардан биридир.
Истанбул
Осиё ва Европа чегарасида жойлашган шубҳасиз гўзал шаҳар, шунингдек, яна бир ниҳоятда ажойиб, бир вақтлар яҳудий-юнонлар истиқомат қилган Балат минтақаси билан фахрланади. Минтақа ЮНЕСКО томонидан ҳимояланган ва ранг-баранг уйлари туфайли шаҳардаги энг кўп суратга тушириладиган жойлардан бири бўлиб қолмоқда.
Гуатапе
Колумбиянинг энг жўшқин шаҳри ўзининг ранг-баранг жилоли уйлари, бўялган эшиклари, дераза ва тўсиқлари билан машҳур. Турли хил мазмунга бой нақшлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар тасвирланган уйлар деворининг пастки қисмларини безаб турган расмлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Буэнос-Айрес
Аргентина пойтахти бир вақтнинг ўзида барча Испания шаҳарларига жуда ўхшайди, шу билан бирга у бошқа ҳеч бир нарсага ўхшамайди. Бу ердаги қадимий Ла-Бока тумани маҳаллий аҳолиси унинг кўчаларида танго рақсига тушишади, қувноқ мусиқа тинглашади, кўча таомларни истеъмол қилишади. Буларнинг ҳаммасини улар жуда ёрқин ва кўп рангли пастқам уйлар фонида бажариб, қувноқ ҳаёт кечиришади.
Сиз ушбу шаҳарлардан қайси бирини зиёрат қилишни хоҳлаган бўлардингиз?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.