Дунёдаги ғалати солиқлар

#Ўқинг_қизиқ!

Дунёдаги ғалати солиқлар

 

Соқол, дераза ёки қўрқоқлик учун солиқ - қадимги даврларда дунёнинг турли мамлакатларида бундай тўловлар мавжуд эди. Ҳозир ҳам баъзи давлатлар турли баҳоналар билан фуқароларни кўпроқ солиқ тўлашга мажбур қилмоқда. Бугун бир қарашда солиқ тўловчини жуда оддий - болага исм танлашдан тортиб, Facebookда бирор нарса жойлаштириш каби хатти-ҳаракатлардан воз кечишга мажбур қиладиган мамлакатларга тўхталамиз.

 

Носоғлом овқатланиш солиғи

Буюк Британия, Франция, Ирландия, Норвегия, Чили ва ўттиздан ортиқ мамлакатларда юқори калорияли озиқ-овқат ва шакари кўп бўлган маҳсулотларга солиқ солинади. Масалан, Буюк Британияда импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар бир литр ичимликнинг 100 миллилитрида 5 ёки ундан ортиқ грамм шакар бўлса, 18 пенс (тахминан 0,2$) миқдорида солиқ  тўлайди.

Чоралар мантиқий: Жаҳон банки маълумотига кўра, семизлик билан боғлиқ касалликлар бевақт ўлимнинг асосий уч сабабларидан биридир. Шундай қилиб, семизлик даражасини пасайтириш ва умр кўриш давомийлигини ошириш мақсадида 2008 йилда Японияда компаниялар ва минтақавий ҳокимиятлар учун янги солиқ жорий этилди. 40 ёшдан 75 ёшгача бўлган ходимларнинг бел ҳажми ўлчаниб, агар бел қулочи белгиланган меъёридан зиёд чиқса (аёллар учун 85 см., эркаклар учун 90 см.) муниципалитет ва корхоналар бюджетга қўшимча тўлов қилиши лозим эди.

Дастур 2015 йилгача давом этди ва семириш даражасини сезилари даражада пасайишига ёрдам берди. Ҳозирда бу кўрсаткич Японияда дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.

 

Болага исм қўйиш солиғи

Болага исм танлаш осон эмас, айниқса жараёнда учинчи шахс - солиқ хизмати иштирок этса. Швецияда исм солиқ органлари томонидан тасдиқланиши керак. Фарзандига ғалати ёки талаффузи қийин исм қўйган ота-оналар 6000 крона атрофида солиқ тўлашлари керак бўлади. Қизиғи, фарзандга бепул “Гугл” ёки “Лего” исмларини қўйишга рухсат берилган. Солиқ дастлаб 1982 йилда қиролликдаги исмларига бўлган ҳуқуқни таъминлаш учун пайдо бўлган.

Швецияда солиқлар билан боғлиқ яна жуда кўп ҳолатлар рўй бериб туради. Масалан, 1991 йилда эр-хотин фарзандига “Brfxxccxxmnpcccclllmmnprxvclmnckssqlbb11116” деб исм қўйди ва солиқ тўлашдан бош тортди, 2007 йилда оилалардан бири ўз қизига “Металлика” исмини текин қўйиш ҳуқуқи учун солиқ идораси билан баҳслашди, ўшанда апелляция биринчи тасдиқланган тақиқни бекор қилди. 2018 йилда судга фамилияга жуда ўхшаш “Форд” исмини тақиқлаш бўйича иш келиб тушди.

Айтганча, Швецияда турмуш қурмоқчи бўлганлар ҳам рухсат олиш учун солиқ идорасига боришади.

 

Ижтимоий тармоқлар солиғи

 

Бу солиқ Уганда ҳукумати томонидан киритилган. 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни хоҳловчилар ҳар бир фойдаланиш куни учун 0,05 доллар атрофида солиқ тўлашлари шарт. Расмийлар бу қарорни ижтимоий тармоқларда маҳаллий ҳокимият органларига оид миш-мишлар ҳаддан ташқари кўплиги, нотўғри маълумотларнинг оқибатларига қарши курашиш учун жуда кўп маблағ сарфланиши билан изоҳлади. Ўз блогини очмоқчи бўлганлар бундан ҳам кўпроқ, йилига 440 доллар атрофида солиқ тўлаши лозим - аҳолининг асосий қисми кунига 1 долларга яшайдиган мамлакатда бу жуда кўп. Солиқ тўламаганлик учун қаттиқ жазо назарда тутилиб, 2500 доллар атрофида жарима ёки 12 ойлик қамоқ жазоси белгиланган.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.