Дунёнинг биринчи мукаммал глобусини Мартин Бихайм яратганми ёки Мирзо Улуғбек?

Юртимиздан етишиб чиққан олимлар география соҳасида ҳам ўз даврида дунёда етакчи бўлишган. Ал-Фарғоний Нил дарёси сув сарфини биринчи бўлиб аниқлаган бўлса, Абу Райҳон Беруний мукаммал географик глобусни ясаган. 

Одатда дарсликларда, илмий адабиётларда биринчи мукаммал глобусни Мартин Бихайм номига боғлайди. Ваҳоланки, бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган глобус М.Бихаймдан аввал Самарқандда Мирзо Улуғбек томонидан яратилган.

ХV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада катта ўлчамдаги глобус бўлган. Унда давлат чегаралари, тоғлар, кўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Афсуски, Улуғбекнинг ўлимидан кейин у йўқ қилинган. 

Самарқанддаги Ўзбекистон халқлари тарихи ва маданияти музейида катта ноёб глобус сақланади. Мукаммал ишланган бу глобусни 1895 йилда Ҳожи Юсуф Мирфаёз ўғли мусаввир ва олимлар билан ҳамжиҳатликда ясаган. Глобуснинг баландлиги таглиги билан бирга 117 см, шар айланаси 160 см, масштаби 1:2 500 000. Глобус градус тўрларига бўлинган. Меридиан ва параллеллар қора ранг, тропик чизиқлари ва қутб доиралари қизил ранг билан чизилган. Нолинчи меридиан Гринвичдан эмас, Африканинг ғарбидаги Яшил бурун оролларидан ўтказилган. Бу Абу Райҳон Беруний глобусидаги бошланғич меридианга тўғри келади. Глобусга қарийб мингта ном ёзилган. Белбоғ тарзида 12 бурж доираси ўрнатилган. Ҳар бир бурж доираси ичида буржни англатувчи расмлар – шер, қўй, қисқичбақа, чаён, балиқ, қўчқор, ҳўкиз ва бошқалар тасвирланган. Бу Туркистон ўлкаси маҳаллий олимлари яратган ва илмий жиҳатдан ўз даври учун энг мукаммал глобусдир.

 2013 йилда бельгиялик коллекционер Штефан Миссине томонидан туяқуш тухумига туширилган глобус тадқиқоти чоп этилди. Бу тухумда тасвирланган глобус Шимолий Американи акс эттиради. Глобус 1504 йилда ясалган деб ҳисобланади. Бу Америка тасвирланган энг қадимги глобусдир. Замонавий глобуслар турли шакл ва ҳажмларда бўлади. Масалан, АҚШда рақамли глобус, Германияда биринчи интерактив глобус яратилди. Бугунги кунда Самарқанд давлат университети география факультетида инновацион глобус яратиш устида олимлар томонидан изланиш олиб борилаётгани илмий изланишларимизнинг давомидир.

Улуғбек мадрасасида географик билимлар мукаммал ўргатилганлиги, толиби илмлар томонидан дунё шаҳарлари кординаталарини ва адашмасдан осмон глобуси асосида манзилга боришнинг харитасини билишганлиги шундан далолат беради. Барча савдогарлар ва йўлбошловчилар географик билимларга таяниб савдо-сотиқ ишларини амалга оширган. Бунда уларга географик билимлар асқотган. Ҳудуд ва мамлакатлар табиати, табиий шароити, аҳолиси, дини ва бошқа географик билимлар айнан мадрасаларда таҳсил олган толиби илмларнинг географик билимларига таянганлиги ва чуқур билганлигидан дарак беради. 

Демак, бугунги кунда Самарқанд давлат университетида фаолият олиб бораётган география факультетининг шаклланиш тарихи ҳам Мирзо Улуғбек мадрасасига бориб тақалади, десак муболаға бўлмайди.

Маъруф Усмонов,

СамДУ Ижтимоий-иқтисодий география кафедраси мудири, доцент.