Дунёнинг энг йирик давлатлари бешталиги
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, қайси мамлакат дунёдаги энг катта давлат бўлиши мумкин? Албатта, харитага қараб қайси давлатлар энг катта майдонни эгаллаганини аниқлаш осон.
Қизиғи, ҳозирда мавжуд бўлган 193 та мамлакат ичида дунёнинг энг йирик 10 мамлакати 149 миллион квадрат километр - умумий ер майдонининг 49 фоизини эгаллайди.
Бугун эса сизни бешта энг йирик давлатлар тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар билан таништирамиз.
1. Россия
Евроосиёда жойлашган дунёдаги энг йирик давлат - Россия ердаги бутун қуруқлик майдонининг саккиздан бир қисмини эгаллайди. Шу билан бирга аҳоли зичлиги жуда паст – 1 квадрат метрга атиги 8 киши тўғри келади.
Ҳудуди бўйича барча давлатлар рўйхатидаги 191-мамлакат Монако билан таққослаганда, бу кичкина давлатда 1 квадрат километрга 16205 киши тўғри келиши, бу жойлашиш Россияга қараганда 8102,5 марта кўплиги аниқланган.
Флора ва фаунанинг турли "вакил"ларига бой Россияда тропиклардан ташқари барча иқлим зоналари мавжуд. Ҳудуднинг ҳар хил жойларида 70 даража совуқдан 45 даража иссиқ об-ҳаво ҳарорати кузатилишини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Ҳатто расман рўйхатдан ўтган энг совуқ жой – совуқ қутб – Оймякон қўрғони ёки Россиянинг энг совуқ шаҳри деб тан олинган Верхоянскда ҳам одамлар доимий ишлаб, яшайди.
2. Канада
Дунёдаги иккинчи йирик давлат Канада Америка қитъасида жойлашган. Мамлакат аҳолиси Россиядан анча кам, 1 квадрат километрга атиги 3 киши тўғри келади. Канаданинг иқлим шароити Россияга жуда ўхшаш ва табиатининг хилма-хиллиги билан дунёнинг энг гўзал мамлакатларидан бири ҳисобланади.
Давлатнинг тўртта - буғу, сув қундузи, оқ айиқ ва қора гагара (Шимолда яшайдиган қуюқ патли йирик сув қуши) каби рамзлари бор. Бу ерда 15,5 мингга яқин оқ айиқ яшайди, рўйхатдан ўтган хоккейчилар сони эса 520 мингдан ошади. Коньки учиш учун яхлатилган майдонлар сони бутун дунёдаги спорт майдонларига қараганда 2 баравар кўп. Канадада тез тайёрланадиган таомлардан бири “poutin”, деб номланади, у тахминан 60 йил олдин квебеклик ошпаз томонидан ихтиро қилинган ва француз тилидан “тартибсизлик” деб таржима қилинади.
3. Хитой
Энг катта майдон бўйича учинчи, мамлакат аҳолиси бўйича биринчи ўринни Хитой эгаллайди. Бу давлатда 1 миллиард 444 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Хитой халқи ниҳоятда меҳнаткаш ва интизомли, шу сабабли бўлса керак мамлакатнинг жаҳон иқтисодиёти ва геосиёсатидаги роли тез суръатда ўсиб бормоқда. Ажойиб ва хилма-хил табиатга эга бу мамлакатда сайёҳни қизиқтириши мумкин бўлган барча нарса бор, давлат ҳар йили ташриф буюрадиган меҳмонлар сони бўйича олтинчи ўринни эгалайди. Тарихи ва маданияти ҳам жуда бой мазмунли, у 5 минг йилни ўз ичига олади.
4. АҚШ
Америка Қўшма Штатлари дунёдаги тўртинчи ўринда турадиган йирик давлат. Мамлакат майдони Россия майдонининг ярмига тенг, аҳолиси бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейинги учинчи ўринда туради. Аляска (мамлакат шимолидаги ярим орол) Арктика зонасида, таниқли Гавайи ороллари эса тропикларда жойлашганлиги киши тасаввурини чалғитиб қўяди.
Мамлакатнинг ёши 200 йилдан сал зиёдроқ, унинг на асрларга бориб тақаладиган тарихи, на қадимий анъаналари бор. АҚШнинг туб аҳолиси – ҳиндулар, ҳозир уларнинг сони жуда оз, чунки мустамлака даврида улар юзлаб марта камайди. Умуман олганда, Американинг этник таркиби жуда хилма-хил, мамлакат пайдо бўлишининг бошида бу ерга кўплаб лотин америкаликлар, афроамерикаликлар, осиёликлар, Океания аҳолиси олиб келинган.
АҚШда олинган таълим дунёнинг исталган мамлакатида яхши ишга жойлашиш имкониятини беради.
5. Бразилия
Жанубий Американинг деярли ярмини эгаллаган давлат – Бразилия рўйхатимизнинг бешинчи поғонасида. Мамлакат аҳолиси 200 миллиондан ошади, табиатининг эса тенги йўқ ва унда 4 миллионга яқин ҳайвон ва ўсимликлар яшайди, ЮНЕСКО рўйхатидаги йигирма битта объект ҳам Бразилияда жойлашган.
Дунёдаги энг серсув Амазонка дарёси Бразилияда оқади. Бу чексиз тропик ўрмонлар, футбол ва карнаваллар мамлакатидир. Ажойиб табиат ва маданият ҳар йили бу ерга миллионлаб сайёҳларни жалб қилади. Бироқ, жуда узоқда жойлашганлиги туфайли бу мамлакат кўпчилик учун хаёлий орзу бўлиб қолмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.