Дунёнинг турли давлатларида бир қарашда бемаъни кўринган 12 та тақиқ

Ҳар бир Давлатнинг ўзининг қонун-қоидалари мавжуд, уларга риоя қилмаслик эса жазога маҳкум қилади. Баъзида шундай тақиқлар учрайдики, улар шафқатсиз ёки бемаънидек туюлади гоҳида. Бироқ, масалага чуқурроқ ёндашилса,  қаттиққўл ёндашув, кўп ҳолатда ўзини оқлаганини ажабланиб кузатиш мумкин.

Биз бутун дунёдан энг ғалати тақиқларни йиғдик ва уларга изоҳ топишга ҳаракат қилдик. Фойдали маълумотни Сиз билан бўлишишга шошилдик.

1. Болалар гўзаллик танловлари (Франция)

Францияда 16 ёшдан кичик бўлган болалар учун гўзаллик танловларини ўтказишни тақиқловчи қонун қабул қилинди. Эндиликда ҳеч бир қизалоқ “Мини-мисс Франция” тожини ололмайди. Тақиқни бузган ташкилотчиларга, 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 30 минг еврогача жарима хавф солади. “Келинглар, қизларимизни ёшлигидан уларнинг ҳаётдаги ягона бойлиги – бу уларнинг ташқи кўриниши, деган тушунчага ишонишга мажбур қилмайдик” – деган таклифни қилишди қонун ташаббусчилари.

2. Юмалоқ аквариумлар (Италия)

Италиянинг Монца шаҳарчаси мансабдорлари балиқларни юмалоқ аквариумда боқишни тақиқлашди, мазкур қонунни кейинроқ Римда ҳам татбиқ этишди. Гап шундаки, бу тоифадаги аквариумлар жуда зарарли: уларда фильтр учун жой йўқ ва улар сув тозалигини таъминламайди.

3. Ғийбат (Филиппин)

Филиппиннинг Биналонан шаҳрида янги қонунга кўра, миш-миш тарқатиш тақиқланади. Шаҳар маъмуриятининг фикрига кўра, ғийбатлар жанжалларга сабаб бўлади, ғийбатга сарфланган вақтни эса эзгу амалларга йўналтириш мумкин. Тақиқни бузганларга 200 песо (3.5 евро) штраф ва жамоат ишлари жазоси назарда тутилган. Эндиликда, қўшнилар билан пичирлашишдан олдин, ғийбат учун нафақат чўнтакларини бўшатишлари мумкинлигини, балки шаҳар кўчаларини  супуришга мажбур қилишлари ҳам мумкинлигини  одамлар ёдда сақлашлари лозим.

4. Итларни бир кунда 3 мартадан кам сайрга олиб чиқиш (Италия)

Туринда (Италия) ит эгалари ўзларининг жонворларини бир кунда 3 мартадан кам бўлмаган тартибда сайрга олиб чиқишлари лозим, акс ҳолда 500 евро жаримага йўлиқишлари мумкин. Итларни сайридан даромад олмоқчи бўлганлар учун яхши янгилик. Итлар учун ҳам, албатта. Жониворларга янада бахтли ва қулай олам яратишга бўлган интилишлари учун Италия ҳукумати РЕТА (ҳайвонларни қўриқлаш ташкилоти)  томонидан олқишланди.  

5. Винни Пух айиқчаси (Польша)

Болалар ўйин майдончасини бўлажак кўринишини Тушин (Польша) маъмурияти муҳокама қилиб, Винни Пух айиғи номзодини қатъиян олиб ташлашди. Шаҳар маъмурияти ярим ялонғоч айиқ ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир кўрсатади, деган фикрга келишди. Айиқнинг тасвири номаъқул деб топилди ва болалар муассасаларида ҳамда дам олиш масканларида тақиқланди.

6. Маҳаллий аҳоли учун казино (Монако)

Монако бадавлат инсонларни ўзига жалб қилиш марказига айланмоқда, бунинг сабабларидан бири – бу салобатли ва муҳташам казинолар. Ўйин муассасаларининг эшиклари дунёнинг барча жойидан келган меҳмонлар учун очиқ, аммо аниқланишича, ўзининг фуқаролари учун ёпиқ экан. Сабаби оддий: Монако ҳукумати маҳаллий аҳоли ўйинга берилиб кетиб, жабр кўришларидан, пулларидан ажраб қолишларидан хавотирланишар экан.

7. Болаларга тарсаки тушириш (Швеция)

Болаларни ҳар қандай жисмоний жазолашни тақиқлаган биринчи давлат, Швеция бўлди. Қонун қабул қилингандан бери (1979 йил) бир неча авлод вояга етди. Шу каби меъёр кейинчалик Финляндия, Норвегия, Австрия ва бошқа давлатларда  қабул қилинди. Ушбу ҳолат, дастлаб ғалати туйилган чекловнинг, амалда қанчалик тўғри ва ижобий қарор эканлигини яққол намунасидир.

8. Фотомемларни кўчириш ва қайта жўнатиш (Австралия)

Австралияда фотомемларни ва кулгули видеоларни тарқатиш тақиқланган. Агар сиз YouTube-видеолавҳани ўз обуначиларингиз билан бўлишсангиз, сизга 93.5 минг доллар жарима ёки 5 йил қамоқ жазоси хавф солади. Бу ерда муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонун жудаям қаттиқ, уни интернет фойдаланувчилари ваҳима ва таваккал қилиш билан бузишга мажбур бўлишади. Ҳозирги кунда ушбу чекловни юмшатиш ёки бекор қилиш уринишлари амалга оширилмоқда, аммо ҳозирча самарасиз.

9. Ярим тундан сўнг видеоўйинлар ўйнаш (Жанубий Корея)

Жанубий Кореяда видеоўйинлар бозорининг ўсиши жиддий муаммо -    болалар ўйинқароқлигини юзага келтирди. Тобеликни камайтириш мақсадида ҳукумат “Золушка қонуни” деб номланган чеклов киритди. Энди 16 ёшга кирмаган болаларга соат 00:00 дан 06:00 гача онлайн – ўйинлар ўйнаш тақиқланди. Қонунни назорат қилмаган ўйин компанияларига 10 минг доллар жарима жорий этилган. Мансабдор жавобгар шахсларга 2 йил қамоқ жазоси хавф солади.   

10. Кўча таомлари ва селфи таёқлари (Италия)

Ҳукумат Милан марказида кўча таомларини сотишни тақиқлади, шу билан бирга селфи таёқлари ва шиша (бутилка) идишлар қонундан ташқарида деб эълон қилинди. Чекловлар кўчаларда тартибни сақлашга қаратилган. Полиция сайёҳни “номуносиб хулқи” учун 900 евро (одатда камроқ) жарима солиши ва белгиланган ҳудудни 48 соат мобайнида тарк этишни тақиқлаши мумкин.

11. Ясмин (Хитой)

2010 йилда Тунисда бўлган “Ясмин инқилоби”, Хитойдаги норози аҳолини илҳомлантиришидан чўчиб Хитой коммунистик давлати ҳукумати ушбу оқ нафис гулни жазолади. Мессенжерларда ясминни ифодаловчи хитой иероглифлари блокланди, интернетдан ясмин ҳақида куйланган видеолар ўчириб ташланди, дўконларда ясмин гули сотилиши тақиқланди.

12. Дарахтларга осилиб чиқиш  (Канада)

Торонто (Канада) муниципиал қонунлар тўпламида боғда дарахтларга осилиб чиқиш тақиқланган. Бу қоида ёш болалар билан бирга, ёши катталарга ҳам тааллуқли. Бу қонунни бузганлар тузуккина жаримага тортилишлари мумкин (2013 йили ёш йигит 365 доллар жаримага тортилган эди).  Тақиқ одамларни соғлигидан хавотир туфайли ва дарахтларга ғамхўрлик нуқтаи назаридан амалга оширилган, шундай бўлса ҳам, кўпчилика бу тақиқ ошиқчадай туйилади.

Бекзод Мусурмов таржимаси.