ДХА тизимидаги 57 нафар ходим COVID-19га чалинди

Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги тизимининг 57 нафар ходими COVID-19 га чалинган бўлиб, 1 нафар мутахассисимиз ушбу вирусдан вафот этган. Шунингдек, 2 нафари соғайган бўлиб, қолганлар ҳозирда даволанмоқда. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги маълум қилди.

"Давлат хизматлари марказларида одамлар оқими юқори бўлани боис, бу ерда чексиз ва назорат қилиш қийин бўлган алоқа юзага келиши табиий ҳол.

Албатта, биз Марказларимизда барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. Белгиланган график асосида бинолар дезинфекция қилинмоқда, ходимлар зарурий ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда. Киришда ҳар бир ташриф буюрувчининг ҳарорати ўлчаниб, бино ичида мажбурий ниқоб режими ўрнатилган.

Ишимиз осон эмас, лекин аҳоли учун жуда муҳим. Давлат хизматлари соҳасида фаолият юритишни танлаган ҳар бир ходим, ўз олдига халқ ишончини қозонишни мақсад қилган.

Агентлик олдида турган долзарб масалалардан бири — бу ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларига ташриф буюрган фуқароларни ҳамда хизматда бўлган ходимларни мазкур вирусдан ҳимоя қилиш.

Яшаш тарзимиз ўзгаргани билан давлат хизматларини олиш эҳтиёжи ўзгарган эмас. Шу боис, Сизлардан электрон хизматлардан фойдаланишни сўраймиз. Сизларга қулай бўлиши учун хизматлардан онлайн фойдаланиш видеоқўлланмаларини тайёрлаб youtube каналимизга жойлаштиряпмиз.

Улар билан қўйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:

Ушбу синовли кунларни фақатгина бир-биримизни қўллаб-қувватлаб енгиб чиқишимиз мумкин. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!", дея аҳолига мурожаат қилди Агентлик матбуот хизмати.