Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХА ходимлари “Меҳр улаш” қон топшириш хайрия акциясида қатнашди

Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Меҳр улаш” қон топшириш хайрия акциясига старт берилди. Хусусан, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ҳам ушбу акция уюшқоқлик билан ташкил этилди. Шунингдек, бошқарма ҳамда Самарқанд шаҳридаги ФҲДЁ бўлимлари, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари ихтиёрий равишда қон топширишди.

Донорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган ушбу акция доирасида Самарқанд вилоят Қон қуйиш марказининг сайёр гуруҳи вакиллари ходимлар билан суҳбатлашиб, ҳар бир кўнгилли донорни тиббий кўрикдан ўтказишди. Қон топшириш қонун-қоидаларини тушунтиришди. 

- Инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, донорлардан 350-450 мл қон олинади (физиологик доза), - дейди вилоят Қон қуйиш маркази сайёр гуруҳ бошлиғи Абдусалом Жалилов. - Инсон организми топширилган қон миқдорини 36 соат ичида тиклаб олади. Таъкидлаш керакки, қон топшириш инсон учун албатта хавфсиз. Мамлакатимизда 18 ёшга тўлган соғлом инсон бир йилда 2-4 мартагача қон топшириши мумкин. Бу турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган инсонларнинг яна ҳаётга қайтишларига ёрдам беради.

Марказ ходимларининг таъкидлашича, вилоятда 2020 йил давомида 27 мингдан, жорий йилнинг 8 ойида эса 21 минг нафардан ортиқ кўнгилли фуқароларимиз қон топширган. 

- Бир неча йиллардан буён қон топшириб келаман, - дейди бошқарма ходими, донор Сайимжон Баҳрамов. - Биласизми, фаолиятим давомида шундай беморларни кўрганманки, уларнинг ҳаётини асраб қолиш учун ҳатто бир неча томчи қон муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан эзгу мақсадлар билан ана шундай беморларга амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламан. 

Меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёрқин намунаси бўлган бу каби тадбирлар беморлар дардига шифо топиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда жуда зарур.