Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХХ катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Сурхондарё - Самарқанд” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилди. 

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаронинг ёнида 3 килограмм 363 грамм “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Бошқа бир ҳолатда эса ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Минерал сувлар” ЙПХ масканида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Нексия 3” русумли автомашина тўхтатилди. 

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 5 килограмм “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди. 

ДХХнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ДБҚ ходимларини жалб этган ҳолда Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи шахслар - 1991 йилда туғилган фуқаро ҳамда муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган 1990 йилда туғилган шахс 492 грамм “гашиш” моддасини 50 млн. сўмга сотган вақтида қўлга олинди.

Таъкидлаш лозимки, ҳар учала ҳолатда ҳам наркотик моддалар мамлакатимизга Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

ДХХ матбуот хизмати.