Екатеринбургда 3 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлди

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 3 нафар ўзбекистонлик ишчилар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар берди.

2019 йил 8 декабрь куни эрталаб соат 6:45 да Ямало-Ненецк автоном округи Тазов тумани, Пякяхин конида содир бўлган ёнғин оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқаролари А.Э., Э.Д. ва А.С. вафот этди. Куйиш жароҳатини олган ҳамюртимиз Т.А. шифохонага жойлаштирилди.

Айни пайтда тегишли органлар томонидан тергов тадбирлари ўтказилмоқда.

Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалалар билан шуғулланмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Россиянинг Урал федерал округи (Курган, Свердловск, Тюмен, Челябинск вилоятлари, Ханти-Мансийск, Югра ва Ямал-Ненетск автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.