Экспорт йўналишида яратилган қулайликлар

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун содда ва шаффоф божхона тартиб-таомилларини жорий қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, товарлар экспортида ҳам.

Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисида низом қабул қилинди.

Низомга кўра, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари) маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимизнинг 2019 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилганлиги, экспортни рағбатлантириш ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек, манфаатдор субъектлар экспорт қилган маҳсулоти бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизгача қисмига компенсация олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда, ваколатли орган томонидан аризалар 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.

Молия вазирлиги ваколатли орган буюртманомасига асосан 3 иш кунида давлат бюджетидан субсидия маблағларини ваколатли органга, ваколатли орган эса ушбу маблағни 3 иш куни мобайнида манфаатдор субъектнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Ўтган йиллар давомида божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотлар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.