Электр энергияси ортиқча ҳисобланяптими? Рақобат қўмитаси томонидан бу бўйича тезкор ишчи гуруҳ тузилди

Ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларнинг электр қувватини ортиқча ҳисоблаётганлиги ва бу қўшимча харажатларга сабаб бўлаётганлиги юзасидан истеъмолчилар томонидан мурожаатлар тарқалиб, бу кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Бугун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан мазкур ҳолатга муносабат билдирилиб ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

“Мазкур ҳолатларни жойларга чиққан ҳолатда ўрганиб, муаммоларни манзилли ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ таркибига Рақобат қўмитаси билан биргаликда, "Ўзэнергоинспекция", Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ вакиллари жалб қилинган.

Ушбу ҳолатларни ўрганиш давомида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш бўйича қонуний чоралар кўрилиши таъминланади.

Ҳурматли истеъмолчилар, сизда ҳам юқоридаги  каби муаммоли ҳолатлар мавжуд бўлиб ўз ечимини топмаётганлигидан норози бўлсангиз, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига ёки Telegram мессенжерида @rquzBot орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз!” дейилади Қўмитанинг расмий саҳифасида.