Эмлаш Самарқандда қачон, қаерда ва қай йўсинда амалга оширилади?
Ижтимоий тармоқларда кўплаб фуқаролар “СOVID-19” инфекциясига қарши эмлаш ишлари Самарқандда қачон, қаерда ва қай йўсинда амалга оширилади, деган мазмундаги саволларга жавоб излаяпти. Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассиси Шоира ХАЛИЛОВА бу ҳолатга ойдинлик киритди.
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, бугунги кунда дунё мамлакатларининг айримларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда, - деди Ш.Халилова. - Жумладан, юртимизда ҳам “СOVID-19” пандемияси даврида вакцинация жараёнига тайёргарлик тадбирлари Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда амалга оширилмоқда. Яъни, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, қисқа фурсатда сертификатланган, коронавирус касаллигига қарши вакцина кириб келиши билан вакцинация ишлари бошлаб юборилади. Бу тадбирни амалга оширишда биринчи галда хавф гуруҳи - тиббиёт ходимлари ва сурункали касаллиги бўлган аҳоли қатламини эмлаш режалаштирилган. Шу сабабли бугунги кунда республика бўйлаб барча вилоятларда уларнинг сони аниқланиб, рўйхатини тузиш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳар ва туманлар кесимида картографика тузилиб, унда эмлаш пункти, бригадаси ва ҳар бир бригададаги эмланадиган аҳоли сони аниқ кўрсатилади. Ҳар бир даволаш профилактика муассасаси қошида ташкил этилган эмлаш пунктида тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига қарши ўқитилиб, тайёрланган мутахассислар, яъни бригада шифокори, вакцинатор ва уларнинг ўриндошлари эмлаш ишларини амалга оширади. Фуқароларнинг эмланганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд ҳужжатларда қайд этиб борилади. Эмланган фуқаронинг талабига кўра, унга эмланганлиги тўғрисидаги маълумот берилиши мумкин.
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.