Энди ер участкасини хусусийлаштириш мумкин

Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини) масофадан туриб хусусийлаштиришлари мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори билан жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди.

Фуқароларимиз якка тартибдаги уй-жой, юридик шахслар эса нотурар бино-иншоотларга эга. Энди улар ўзларига тегишли кўчмас мулк, ер участкаларини (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириши мумкин (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ер хусусийлаштирилмайди).

Шу кунга қадар фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотураржой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди. Яъни, бино ўзингизга тегишли бўлса ҳам, унинг ери давлатники эди.

Энди мана шу ер участкаларини хусусийлаштириш учун жисмоний ва юридик шахслар my.gov.uz орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин. Келиб тушган ариза Кадастр агентлиги ва қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Кадастр бўлимлари ер участкасининг ариза берган фуқаро номига расмийлаштирилганми ёки йўқми, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Бунда ўша ер участкаси ўзгармагани, бугунги кунда ҳам реэстрда мавжудлиги, таъқиқ ва чекловлар йўқлиги, хуллас, хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган томонлари текшириб чиқилади.

Қурилиш бўлимлари эса ер участкаси ҳудудининг шаҳарсозлик меъёрларига мос келишини ўрганади. Барча текширувлардан ўтгач, фуқарога хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади ва талабгор тўловни амалга оширади.

Ерни хусусийлаштириш учун қанча маблағ тўланади?

Аризани кўриб чиқиш учун 29700 сўм миқдорида йиғим ундирилади.

Шу билан бирга, ер участкасини хусусийлаштириш учун дифференциал тўлов ундирилади.

Бу қандай ҳисобланади?

Барчамиз ер участкасига ер солиғи тўлаймиз. Мулкдорлар учун хусусийлаштириш тўлови ер участкасига ҳисобланган солиқ миқдорининг 5 баробари (вилоят марказларида 10 баробар) деб белгиланган. Тўлов амалга оширилгандан сўнг ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Ушбу ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишади.

Бу муҳим!

Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзигина сотиб олади. Бу ер аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.

З.Исматов,

Пайариқ тумани адлия бўлими Давлат хизматлари маркази ходими.