Энди грантлар манзилли бўлади

Бу тартиб Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда айтилди.
Унда “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ижроси юзасидан олиб борилган ишлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун яратилган имтиёзлар, жорий йил режалаштирилаётган давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар хусусида сўз борди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан ажратилаётган грантларни тизимлаштириш, самарадорлигини ошириш доимий равишда давлатимиз эътиборидаги масалалардан бўлиб келмоқда, - дейди Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди раҳбари Отабек Ҳусанов. – Хусусан, 2017 йилдан 2025 йилга қадар мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш учун 60 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинган. 2008 йилдан 2024 йилга қадар Фонд томонидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига 2 триллион сўмдан ортиқ грант маблағлари ажратилди. Ушбу маблағларнинг 50 фоизи нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун сарфланган.
Мазкур грантлар Президентимизнинг Фармонига кўра эндиликда янада янгича тартибда ажратилиши белгиланди. Яъни, илгари у ёки бу вилоятдаги фаол ННТлар такрор-такрор грант маблағлари ютиб олишга муваффақ бўлишар, бошқа ҳудуддаги муаммолар ечими ўз ҳолича қолиб, ННТлар ўз фаолиятини етарлича олиб бормаётган эди.
Эндиликда грант танловлари ҳар бир ҳудуднинг муаммолари ўрганилган ҳолда ўтказилади. Бунинг учун яқинда Самарқандда ҳам халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари ва кенгаш котибияти, Жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари, ЎзННТМА, “Юксалиш” ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, вилоятнинг бир нечта шаҳар ва туманларидаги ижтимоий муаммоларни ўрганди. Ушбу муаммолар ечими таҳлил этилиб, шунга кўра грант танловлар аниқ мавзули тарзда эълон қилинди.
Ушбу янги тизим бўйича ўтказиладиган грант танловлари эндиликда барча ҳудудни бирдай қамраб олинишига эришилади.
Шунингдек, йиғилишда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Абдуҳалимов соҳадаги янгиликларнинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталиб ўтди.
Учрашув давомида вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этди.