Энди кесилган дарахтлар учун ҳам компенсация тўланади(ми?)

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати тасдиқланди.

Эндиликда қуриб қолган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган дарахтларни қирқиш белгиланган тартиб асосида шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан бажарилади. Объект қуриш учун берилган расмий ҳужжатларда шу участкада ўсаётган дарахтлар сони, навлари, баландлиги кўрсатилиши шарт. Лойиҳалар ишлаб чиқилаётганда қурилиш майдонидаги дарахтлар ва буталарнинг ноёб навлари тўлиқ сақлаб қолиниши ёки бошқа жойга кўчириб экилиши керак. Бошқа навларнинг камида 50 фоизи сақланиши ёки кўчирилиши, бунинг имкони бўлмаганда, уларнинг ўрнига 10 тадан дарахт кўчатлари экилади.

1 мартдан қурилиш, қайта таъмирлаш, ободонлаштириш, бузиш бўйича лойиҳаларда, объектларни фойдаланишга қабул қилишда мажбурий тартибда ўсимлик дунёси ва уларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатишнинг олди олиниб, қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўланиш чоралари таъминланади.