Энди “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ”лар овоз бериш орқали аниқланади
Вилоят Матбуот уйида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Орзумурод Мардонов иштирокида матбуот анжуман бўлиб ўтди. Унда О.Мардонов ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасидаги тадбирларга ажратилаётган маблағлар бўйича маълумот берди.
Таъкидланишича, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида тузилган Дастурга биноан 590 та лойиҳа халқ депутатлари вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, тасдиқланган. Дастур доирасида 590 та объектга 5 та буюртмачи тайинланиб, 394,9 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Жумладан, вилоят бўйича 278 та ички йўл, 191 та ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 51 та электр энергияси ва 5 та табиий газ тармоқлари, 26 та ижтимоий соҳа объектлари ва 41 та бошқа объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" томонидан 51 та, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалига қарашли 5 та объектни таъмирлаш тўғридан-тўғри мазкур корхоналар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қолган 534 тасининг қурувчилари “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали ўтказиладиган тендер савдолари натижасида аниқланади. Вилоят минтақавий йўллардан фойдаланиш бошқармасига қарашли 268 та объект, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси вилоят бўлимининг 58 та иншооти ҳамда 100 та объект "Сув таъминоти" ва "Канализация объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК буюртмаси асосида тендер платформасига жойлаштирилган.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 ноябрдаги “Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бўйича эса 213 та лойиҳага 416,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган, - дейди Орзумурод Мардонов. – Маблағнинг 46,7 миллиард сўми маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилса, қолгани банк кредитлари, ҳомийлар ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади. Шунингдек, Дастур асосида таъмирлаш ишларни бошлаш учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармасига республика бюджетидан 114,8 миллиард сўм, маҳаллий бюджетдан 38,8 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.
Матбуот анжуманида жорий йилдан бошлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича инфратузилмаси ривожлантириладиган маҳаллалар аҳолининг овоз бериш йўли билан аниқланиши айтилди.
Дилмурод Тўхтаев.