Энди таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали хасталиклари бор аҳоли ҳам вакцина олиши мумкин
Самарқандда 27 апрелдан бошлаб барча ҳудудларда 65 ёшдан юқори аҳоли, тиббиёт ходимлари билан бир қаторда таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали хасталиклари бор аҳолига ҳам вакцинация ишлари амалга оширила бошланди. Самарқанд шаҳридаги 9-сон оилавий поликлиникада ушбу жараён билан танишдик.
- Айни пайтда режалаштирилган 718 нафар аҳолининг 650 нафари вакцинациядан ўтди, - дейди поликлиника бош шифокори Сардор Расулов. – Улар орасида 65 ёшдан ошганлар билан бир қаторда поликлиникамиз, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли туғруқхона, шунингдек, сил касаллиги билан оғриган болалар сиҳатгоҳи тиббиёт ходимлари бор. Эмланганларнинг бирортасида ножўя таъсир сезилмади. Тўғри, аксар вакциналар сингари бунда ҳам иситма кўтарилиши, оғриқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар кузатувга олинди. Бугундан бошлаб кейинги босқич, яъни сурункали хасталиклари мавжуд ҳамда таълим муассасалари ходимларини ҳам эмлаш ишлари амалга оширила бошланди. Аммо бу дегани улгурмай қолган, маълум сабаблар билан кела олмаган 65 ёшдан юқори аҳолининг вакцина олиши тўхтатилди, дегани эмас. Улар ҳам бир пайтда вакцина олишда давом этади.
Поликлиникада вакцинация жараёнини амалга ошириш учун барча шароит яратилган. Аҳолининг тиббий ҳолатини аниқлаш, вакцина ўтказиш ва кузатув хоналари, вакцина сақловчи махсус музлаткич мавжуд.