Эндиликда резидентлар ўз ҳисобварақларига чет эл валютасини чекловларсиз ўтказиши мумкин
Валютани тартибга солиш тўғрисидаги Қонун (янги таҳрири) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қонунга мувофиқ, Марказий банк валютани тартибга солувчи давлат органи ҳисобланади.
Марказий банк ўз ваколати доирасида:
- норезидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, резидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида амал қилиниши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
- валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини белгилайди;
- валюта биржалари фаолиятини лицензиялайди ва тартибга солади ҳамда қатор бошқа вазифаларни амалга оширади.
Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шартномавий асосда белгиланади.
Сўмнинг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда фақат бозор механизмларидан фойдаланилади.
Қонунга кўра, резидентлар Ўзбекистондаги ёки республикадан ташқаридаги банклардаги ўз ҳисобварақларидан Ўзбекистон банкларидаги ўз ҳисобварақларига чет эл валютасини чекловларсиз ўтказиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон банклари орқали, банклараро валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат Ўзбекистон банклари ва Марказий банк томонидан амалга оширилади.
Қонунга кўра, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистонда валютани назорат қилувчи органлардир.
Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.