Энг фаол депутат аниқланди
“Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол депутати” кўрик-танлови вилоят босқичи ўтказилди.
Партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан илк маротаба ташкил этилган танлов жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурининг партия сайловолди дастурига тааллуқли бандлари ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш, барча даражадаги депутатлик корпуси салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, танловнинг “Инсон қадри учун” шиори остидаги 1-босқичи февраль ойи давомида барча шаҳар ва туманларда ўтказилиб, 100 га яқин фаол депутатлар билим ва тажрибаларини синовдан ўтказди. Низом талаблари асосида ҳудудлардан 1 нафардан ғолиблар аниқланиб, улар “Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун” шиори остидаги вилоят босқичида иштирок этди.
- Маҳаллий Кенгаш депутатлари жамоатчилик асосида фаолият юритишини кўпчилик билади, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев. – Бу танлов уларнинг айни шу ишларини рағбатлантириш, улардаги шижоатни оз бўлса-да қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Танлов давомида дастлаб иштирокчилар округ ҳудуддида амалга ошираётган ишлари, хусусан, партия дастурий мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирлари ҳақида тақдимот ўтказишди.
- Бошқа депутатлардан фаолмиз, деб юрардик, - дейди танлов иштирокчиларидан бири, халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгаши депутати Фурқатжон Узоқов. – Бугун бошқа ҳудудлардаги партиядошларимиз фаолияти билан танишиб, эътибор қаратишимиз керак бўлган жиҳатлар ҳам кўп экан.
Танлов доирасида иштирокчилар тезкор савол-жавоблар доирасида ўз сиёсий билимларини намойиш этишди. Шунингдек, кейинги шарт давомида жамоатчилик олдида ўзини қандай тутиш, хусусан, нотиқлик санъатларини кўрсатиб берди.
Якуний натижаларга кўра, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган халқ депутатлари вилоят ҳамда Нарпай тумани Кенгашлари депутати Шуҳрат Самадов партия вилоят Кенгашининг I даражали диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Танловда совринли ўринлардан ташқари, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Бир сўз билан айтганда, ҳеч бир иштирокчи “қуруқ қўл” билан қайтмади.