Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб Самарқандда овоз бериш кунига қандай тайёргарлик кўриляпти

Республика махсус комиссияси қабул қилган қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказишга доир таклифлар маъқулланди. Бунда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда иштирокчилар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби санитария-гигиена ва карантин талабларига риоя этиш тавсия этилди. Шунингдек, учрашувларга таклиф этилаётган фуқароларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмланганлигига эътибор қаратиш кўзда тутилган.

Шу ўринда савол туғилиши табиий – сайлов куни-чи? Овоз бериш жараёни қандай ташкил қилинади? Албатта, пандемия шароитида овоз бериш сайловчилар учун ортиқча ташвиш туғдирмайди. Ўша куни сайлов участкасига тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилади, улар бинога, хусусан, сайлов участкасига кираётганларнинг ҳароратини ўлчаб, қўлини антисептик воситалар билан зарарсизлантиради. Тана ҳарорати 370Сдан юқори ҳамда касаллик аломати бўлганлар тадбирга киритилмайди. Касаллик тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида овоз бериш биноларида алоҳида изолятор хоналари ташкил этилади. Изоляция қилиш имконияти йўқ ҳолларда ва овоз бериш хонаси бинонинг кириш қисмида бўлган тақдирда ушбу сайловчи бино ичига киритилмайди ва уйига қайтариб юборилиб, турган жойида овоз бериши ташкил қилинади.

Агар сайловчи хоҳласа ушбу қўшимча биноларда (махсус жойларда) махсус ажратилган кўчма овоз бериш қутиси ёрдамида овоз бериш имконияти берилиши керак.

Шу боис, барча юртдошларимиздан, сайловчилардан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраш ўринли, деб биламан. Албатта, вакцина олиш – ихтиёрий иш, аммо сайловчилар карантин талабларига биноан бир марталик ҳимоя ниқобини тақиб, ўзаро оралиқ масофани сақлашлари талаб этилади.

Қайд этиш лозим, сайлов участкалари ва овоз бериш кабиналари 24 октябрга қадар ҳам мунтазам дезинфекция қилиб турилади. Бино ва хоналарни қисқа муддатларда дезинфекция қилиш учун, қоида тариқасида дезинфекция тадбирлари тунги вақтда амалга оширилади.

Овоз бериш хонасида (жойда), шунингдек унинг ёнида коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича тавсиялар ёзилган махсус маълумот стендлари (эслатмалар) жойлаштирилади. Округ ва участка сайлов комиссиялари сайлов кампанияси учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлиқ ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан таъминланади.

Шундай бўлса-да 7-Самарканд округ сайлов комиссияси ва барча 1111 та участка сайлов комиссиялари аъзолари коронавирусга қарши вакцина билан эмланди. Сайлов комиссиялари аъзоларини эпидемиологик вазият туфайли ПЗР усули билан коронавирус инфекциясига текшириш зарур бўлганда, лаборатория текширувидан ўтказилади ва манфий натижа кайд этилганлари сайлов куни ўз вазифаларини бажаришига рухсат берилади.

Умуман, сайлов кампаниясининг барча тадбирларини ташкил этишда эҳтиёт чораларини кўриш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча қулайликлар яратилган.

Латиф РУСТАМОВ,

7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси.