Ер - бебаҳо бойлик, ундан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг бурчимиз
Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят прокурорининг ўринбосари Сирожиддин Усмонов ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жаҳонгир Зоҳидов фармондан кўзда тутилган жиҳатлар, ер тўғрисида қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида гапирди.
- Вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 3 311 ҳолатда 2 166 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланган, - деди С.Усмонов. - Бугунги кунда 3075 ҳолатда 2 198 гектар ер қайтарилиши таъминланган.
Фуқаролар томонидан 8 300 ҳолатда 1240 гектар ер майдонида ноқонуний қурилишлар қилинганлиги аниқланиб, 1250 ҳолатда 320 гектар ноқонуний қурилмалар буздирилган.
2081 гектар ерларни қайтариш ва ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳақида судларга 7944 та даъво аризалари киритилган.
Судлар томонидан 5162 та (1571 гектар) даъво аризалари қаноатлантирилиб, мажбурий ижро органлари томонидан 1028 ҳолатда 965 гектар ноқонуний қурилмалар буздирилган.
Ер майдонларини талон-торож қилиш ҳолатлари юзасидан 80 та жиноят ишлари қўзғатилган.
134 та ноқонуний ҳужжатларга нисбатан протест келтирилган, 41 та тақдимнома киритилган, 286 нафар мансабдор шахслар қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган, 16 нафар шахс интизомий ва 87 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, вилоятда 127 ҳолатда ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратилган 1753 гектар ер майдонига 20 млрд. сўм нобудгарчилик ўрни ҳисобланиб, 13 млрд. сўми ундирилган, қолган 12 ҳолатда 7 млрд. сўмни ундириш ҳақида судларга даъво аризалари киритилган.
Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.