Ер қаъридан фойдаланувчилар бонус тўлайдими?
Бонус ер қаъридан фойдаланувчи томонидан амалга ошириладиган бир марталик тўловдир. Ер қаъридан фойдаланувчилар имзоли ва тижоратбоп топилма бонусларини тўлайди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви органлари бонуслар тўламайди.
Имзоли бонус ер қаъридан фойдаланувчининг тегишли лицензия асосида фойдали қазилмаларни аниқлаш ва қидириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун бир марталик қатъий белгиланган тўловдир.
Имзоли бонус лицензия олинган кундан эътиборан солиқ тўловчи томонидан ўттиз кундан кечиктирмай бюджетга тўланади ва бу ҳақда солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ёзма шаклда хабар қилинади.
Тижоратбоп топилма бонуси тегишли лицензияда кўрсатилган ер қаъри участкасида фойдали қазилма конларининг ҳар бир тижоратбоп топилмаси учун, шу жумладан дастлабки белгиланган ажратиб олинаётган захираларни кўпайтиришга олиб келувчи конларни қўшимча қидириш ўтказиш чоғидаги фойдали қазилмалар топилмаси учун тўланадиган тўловдир. Тижоратбоп топилма бонуси, агар аввал мазкур кон бўйича тижоратбоп топилма бонуси тўланмаган бўлса, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳуқуқини олишда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ҳам тўланади.
Фойдали қазилма конларини кейинчалик уларни кавлаб олишни назарда тутмайдиган қидириш ўтказишда тижоратбоп топилма бонуси тўланмайди.
Ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган конда фойдали қазилмаларнинг қазиб олинадиган захиралари ҳажми солиқ солиш объектидир.
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати солиқ солинадиган базадир. Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:
Товар бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган ер қаъридан фойдаланувчилар учун — фойдали қазилманинг мазкур тури учун тасдиқланган декларация қилинган нархи бўйича;
бошқа ер қаъридан фойдаланувчилар учун — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро биржада белгиланган биржа нархи бўйича, жаҳон бозорида нарх мавжуд бўлмаган тақдирда эса, фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати — белгиланган тартибда келишилган тегишли конни саноат йўсинида ўзлаштириш бўйича техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган кавлаб олишнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб, уни 20 фоиз оширган ҳолда.
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қийматини аниқлаш ва тижоратбоп топилма бонусини тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Тижоратбоп топилма бонусининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олинган кундан эътиборан йигирма беш кундан кечиктирмай солиқ тўловчи томонидан тақдим этилади.
Тижоратбоп топилма бонусини тўлаш фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олинган кундан эътиборан тўқсон кундан кечиктирмай амалга оширилади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ
бошқармаси ахборот хизмати.