Ўрмончилар ширкатида ноқонуний ер сотганлар 300 минг долларни ўз эгаларига қайтарди

Бундан бир ой аввал ижтимоий тармоқларда Самарқанд туманидаги Хўжағунжойиш маҳалласида ўрмон хўжалигига тегишли ерларда қурилган бинолар ҳокимлик томонидан буздирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

 Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов масалани жойида ўрганиб, аҳоли билан учрашган эди. Ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилиши, ўрмон ташкил этилиши кераклиги белгилангани, фақатгина 1,25 гектар майдонда ўрмон хўжалиги ходимларининг вақтинча яшашлари, дала ҳовли учун рухсат берилгани маълум қилинганди. Аммо кейинги беш-олти йилда бу ерлар айрим шахслар томонидан ноқонуний тарзда сотиб юборилган. Энди бу ердаги уй-жойлар ва бошқа бинолар бузилар экан, аҳолига ва тадбиркорларга етказилган зарар ноқонуний тарзда ер сотган кишилардан ундириб берилиши таъкидланганди. Бунинг учун ишчи гуруҳи тузилиб, мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилган эди.

Э.Турдимов 18 июнь куни журналистлар билан учрашув чоғида қайд этишича, ўрмончилар ширкатидаги ерларни сотган шахслар томонидан шу пайтгача фуқароларга 300 минг доллар маблағ қайтарилган. Шунингдек, прокуратура органлари аралашуви билан 130 минг доллар маблағ ўз эгаларига олиб берилган.