Ер юзидаги илм-фан тушунтириб бера олмайдиган ғаройиб жойлар
Дунёдаги энг сирли ғорда ким яшайди? Нега бир қишлоқда ҳамма уйқу касаллигига чалинган? Бир дарахт бошқа дарахт ичидан ўсиб чиқиши мумкинми? Суви қайнаб турадиган дарё қаерда жойлашган?
Эҳтимол, одамлар дунёнинг етти мўъжизаси рўйхатини жуда эрта тузгандирлар, чунки архитектуранинг бу буюк тузилмаларидан ташқари Ерда бошқа ажабланарли масканлар жуда кўп.
“Калачи” уйқучилар қишлоғи
Қозоғистоннинг Калачи қишлоғи аҳолиси яқинда жуда ғалати эпидемияга дучор бўлди: бу ердаги аҳоли оддийгина йўл бўйлаб сайр қилаётиб ёки машинада кетаётиб ухлаб қолиши мумкин. Шу сабабли бўлса керак улар хотира заифлаши, чарчоқ ва галлюцинациялардан азият чекади.
Шуниси эътиборга лойиқки, бу ҳодиса барча ёшдаги эркаклар ва аёлларга бир хил таъсир қилади. Олимлар ҳодисанинг аниқ сабабини аниқлай олмаётганлиги сабаб ҳукумат аҳолига бошқа жойга кўчиб ўтишларини тавсия қилди.
Бир назарияга кўра аҳоли радиация заҳарланишидан азият чекмоқда. Қишлоқдан унчалик узоқ бўлмаган жойда уран кони бор, лекин аҳолининг қон текширувларида радиация излари топилмагач, унинг борлиги истисно қилинди. Қизиғи, конга яқин бўлишига қарамай қўшни қишлоқ аҳолиси уйқучиликдан азият чекмайди.
Таос шовқини
Манбасини аниқлаш имкони бўлмаган паст частотали, ғувиллаб турадиган товуш кишини ғазаблантириши ёки ақлдан олдириши мумкин. Эҳтимол, бу шовқин ҳаммага танишдир, масалан, у узоқда ишлаётган ўроқ машинаси ёки манбасини топиб йўқ қилгунимизча телевизор тиниқ эшитилишига халал берувчи шовқинга ўхшайди.
АҚШнинг Нью-Мексико штатида жойлашган Таос қишлоғи аҳолисининг бу азобларини тасаввур қила оласизми? Ахир кўп сонли аҳоли ўтган асрнинг 90-йиллари бошларидан буён доимий равишда бутун шаҳар бўйлаб тарқалган паст частотали шовқин эшитилишидан арз қилиб келмоқда. Олимлар 20 йилдан ортиқ вақт давомида товуш манбасини аниқлашга ҳаракат қилади, афсуски, барча уринишлар ҳеч қандай натижага олиб келмаяпти.
Қайноқ дарё
Чуқур Амазония ўрмонларида узунлиги 6,4 километр бўлган Шинай-Тимпишка дарёси оқиб ўтади. У юқори ҳароратга эга, шу сабабли унга тушган ҳар қандай ҳайвон тириклайин пишади.
Дарёнинг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича ўртача 91 даражани ташкил қилади. Олимлар гарчи унинг яқинида вулқон каби иссиқлик манбалари бўлмаса-да, оддий кўринадиган дарё сувининг ҳарорати қандай қилиб бу даражага етганлик сабабини топа олишмади. Шинай-Тимпишкага энг яқин вулқон эса 7 минг километр узоқликда жойлашган.
Мовиле ғори
Руминиянинг жануби-шарқида Қора денгиз қирғоғидан унчалик узоқ бўлмаган жойда ёруғликдан маҳрум Мовиле ғори бор. Ғорнинг атмосфераси ердагидан тубдан фарқ қилиши сабабли у 5 500 000 йил давомида ташқи дунёдан яшириб келинган.
1986 йилда электр станцияси қурилиши пайтида топилган ғордаги ҳаво заҳарли, ҳаёт учун хавфли ва жуда иссиқ. Ҳавоси ер юзидагига қараганда 1000 марта кўпроқ ифлосланган. Яшаш учун “анти-шароитлар”ига қарамай, ғорда ҳаётга мослашган 33 турдаги организмлар яшаб келади. Бу организмлар нима билан озиқланиб омон қолиши ҳам олимларни ўйлантириб қўйди.
Касорцо қўшалоқ дарахти
Италиянинг Пьемонт ҳудудида бошқа қўшнилари каби соғлом қўшалоқ гилос дарахти бор. Ер юзининг турли қисмларида бу каби ҳодисалар содир бўлади, масалан, Касорцо дарахтига ўхшаб битта дарахтдан бошқа паразит дарахт ўсиб чиққан ҳолатлар кузатилган.
Гап шундаки, бу ҳолатда биринчи дарахт нимжон бўлиб у қуриб қолган, иккинчиси эса гуллайди ва мева беради. Бу ҳодиса сабаблари ҳам ҳали аниқланганича йўқ.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.