Эркин Турдимов: Одамлар конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳаётий эҳтиёжи учун мурожаат қилади

Бу мурожаатларга бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аввало ҳар бир раҳбар, масъул ходим ўзини арз қилувчининг ўрнига қўя билиши зарур. Чунки Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатнинг қудрати ва эртанги куни халқнинг сиёсатимизга, ўзининг кафолатланган фаровон турмушига ишончи билан белгиланади.

Айрим раҳбарларнинг фуқаролар мурожаати тақдирини ўринбосарига, ўринбосар эса бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғининг бу ишни янгидан келган ходим қўлига топшириши, ижро натижасини сўраб турмаслиги бизни бу масалада янада талабчанроқ, қатъийроқ бўлишга ундаяпти.

Хусусан, бугун йил давомидаги сайёр қабуллар, Ишонч телефони, телеграм мессенжерига тушган ҳамда “Очиқ мулоқот” кўрсатувида билдирилган эътироз, арз ва шикоятлар ижросини таҳлил қилиш чоғида айрим раҳбарларимиз бу ишга масъулиятсизлик билан ёдашганини сездим. Акс ҳолда, улар “яна икки кун муҳлат беринг”, “уч кунда ҳал қиламан”, “энди ўзим шуғулланаман”, деган баҳоналарни рўкач қилишмасди. Ваҳоланки, тизимнинг муайян йўналишида меҳнат интизоми ва масъулиятни кучайтирса, юзлаб муаммолар биратўла ҳал бўлиши мумкин.

Раҳбарларда учраётган яна бир иллат - бу ўз қўл остидаги ходимларни мурожаатларни ўрганиш ва уни ҳал этишга пухта ўргатмаганлигидир. Негаки, улар битта муаммо ечиминигина эмас, балки ана шу муаммо яна такрорланишининг ҳам олдини олиши зарур. Қолаверса, одам ўз мурожаатининг эътиборсиз қолмаганини, натижасини билсин, кўнгли таскин топсин. Ечими топилмаса, фуқарога маслаҳат бериш мумкин. Умуман, бу ишга жамоатчилик, депутатлар ва ОАВ вакилларини жалб этиш ҳам яхши самара беради.

Хуллас, аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик кечирилмайди. Одамлар ғам-ташвиши билан яшаш ҳар бир раҳбарнинг кундалик ишига айланган. Бизнинг фаолиятимизга одамлар ишончи ва дуосидан бошқа баҳонинг мезони йўқ.