Эркинжон Турдимовнинг бу галги сайёр қабули 7 соат давом этди
Аввал хабар берганимиздек, вилоят ҳокими Э.Турдимов 26 апрель куни Самарқанд шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ўтказди.
Унда шаҳар аҳолиси билан бирга вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам фуқаролар иштирок этди.
– 23 ёшдаман, лекин шу пайтгача муддатли ҳарбий хизматга бора олмадим, – дейди Булунғур тумани Янгиариқ маҳалласида яшовчи Жамшид Бобожонов. – Орзуим армияда хизмат қилиш. Шу сабабли бугун қабулга келиб, бу ҳақда вилоят ҳокимига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Мутасаддилар “Ватанпарвар” ташкилотининг олти ойлик курсида ўқишим, кейин ҳарбий хизматга боришимни тавсия қилишди. Ҳужжатларимни тайёрлаб келадиган бўлдим.
7 соатдан ортиқ вақт давом этган оммавий сайёр қабулда 272 нафар фуқаронинг муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятини қурилиш ва архитектура, йўл, коммуникация тармоқларига оид масалалар ташкил этди.
Муддат талаб этиладиган мурожаатларга масъуллар бириктирилиб, ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
Мурожаатлар ижро ҳолати 1 май куни вилоят ҳокимлигида муҳокама этилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Э.Турдимовнинг 2018 йил 14 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказган сайёр қабулида 300 га яқин мурожаат қабул қилинган эди.