Эрон Ироқдаги АҚШ бош консуллиги ва халқаро коалиция объектларига зарба берди

Эрон Ироқнинг Эрбиль шаҳридаги АҚШ бош консуллиги ва халқаро коалиция объектларига ракета зарбалари берди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди, деб ёзмоқда bugun.uz.

Маълум қилинишича, Ироқнинг шимолий курд минтақаси пойтахти Эрбиль шаҳрига бугун, тонгда 12 та баллистик ракета билан зарба берилган, баъзи маълумотларга кўра, бир нечтаси АҚШ консуллиги биноси яқинига тушган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ироқ ва АҚШ расмийлари зарба сабаб етган зарар ҳақида турлича маълумот берди. АҚШ расмийларидан бири АҚШ ҳукумати муассасасида ҳеч қандай вайронагарчилик ва қурбонлар йўқлигини, нишон консуллик биноси бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Бағдоддаги ироқлик мулозим эса дастлаб консулликка бир нечта ракета тушгани ва ҳужум нишони айнан шу ер бўлганини айтди. Кейинроқ Курдистоннинг хорижий оммавий ахборот воситалари бўлими раҳбари Лок Ғафарий ракеталарнинг бирортаси ҳам АҚШ объектига тегмаганини, аммо мажмуа атрофидаги ҳудудларга зарба берилганини маълум қилди.

Исмини ошкор қилишни истамаган АҚШ мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, аниқ қанча ракета учирилгани ва улар қаерга тушгани аниқ эмас. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби буни «Ироқ суверенитетига қарши ҳужум ва зўравонлик намойиши» деб баҳолади. Эрбиль соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар йўқлигини маълум қилди.

Ўз навбатида, Эрбил губернатори Омид Хошнав айтишича, зарбалардан кўзланган мақсад АҚШ консуллигими ёки ИШИД гуруҳига қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги коалиция базаси жойлашган аэропортми, аниқ эмас.

Курдистон бош вазири Масрур Барзоний ўз баёнотида: «Биз Эрбилнинг бир қанча ҳудудларига қарши уюштирилган ушбу терактни қоралаймиз, аҳолини хотиржамликка чақирамиз», дея қайд этди.