Эронликлар мадҳиясини куйламади, инглизлар тиз чўкди
Кеча Эрон терма жамоасининг 11 нафар футболчиси Англия билан ўйин олдидан ўз давлати мадҳиясини куйлашдан ўзини тийди. Ўз навбатида “Уч шер” футболчилари ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб тиз чўкди.
Қатарга келганидан бери эронлик футболчилар ўз ватанларидаги вазият, Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган норозилик намойишларини ҳукумат қандай бостиргани ҳақидаги саволлардан қочишмоқда.
Доҳадаги “Халифа” стадионига йиғилган кўплаб мухлислар ҳам Эрон мадҳияси янграганда ҳуштак чалиб норозилик билдиришди.
“Мен бу ерга эронликларнинг овозини эшитиш учун келдим, токи дунё бизнинг шиоримизни эшитсин: “Аёллар, ҳаёт, эркинлик!”, дейди учрашувга келган эронликлардан бири.
Британияликларнинг 6:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашув олдидан эронликлар сардори Эҳсон Ҳажсафий намойишларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, футболчилар бирдамлигини билдирди.
Бу вақтга келиб, олти нафар намойишчи аллақачон ўлимга ҳукм қилинган Эронда кўпчилик футболчиларни намойишчиларни етарлича қўллаб-қувватламагани учун танқид қилмоқда. AFP агентлигининг хабар беришича, Теҳрондаги Миллий кутубхона яқинидаги улкан экран қаршисида бор-йўғи 200 га яқин одам тўпланган. Мухлислардан бири журналистларга: "Мен ҳар доим терма жамоани қўллаб-қувватлаганман, фақат бу сафар эмас. Чунки футболчилар халқни қўллаб-қувватламади. Бу сафар мағлубиятдан хафа бўлмадим", деди.
Reuters хабарига кўра, Эрон давлат телевидениеси ўз миллий терма жамоаси ўйинини трансляция қилишни тўхтатган.