Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарёдаги Ижтимоий уйда 4 ойдан буён канализация носозлиги айтилмоқда

Оқдарё тумани Даҳбед маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Ижтимоий уй яшовчилари таҳририятимизга мурожаат қилди. Унда 4 ойдан буён мазкур уйдаги ертўладан чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмаётгани баён қилинган.

zarnews.uz`га тақдим этилган ҳужжатларга кўра, аҳоли мазкур ҳолат бўйича сўнгги ойларнинг ўзидан уч марта ҳокимликка хат билан мурожаат қилган. Жавоб хатларнинг барчасида “бу уйдаги ертўла таъмирлаб берилган”и айтилган. Қизиқ, мутасаддилар таъмирлаб берганмиз, демоқда. Ижтимоий уй яшовчилари эса шундоққина ертўладаги оқова устида яшамоқда.

Неча ойки ҳолат бўйича томонларнинг важи икки хил: мутасаддилар аҳолини канализациядан нотўғри фойдаланаётгани, қувурларга ҳар хил нарса ташлаб носозлик келтириб чиқараётганини. Аҳоли эса “уй ёнида жойлашган канализация қудуғи тўлиб кетгач, босим билан оқованинг ертўлага тушиши аниқ-ку”, демоқда. 

Аслида ҳокимлик томонидан август ойида бир марта уй канализацияси тозалаб,  берилган. Аммо бир ё икки марта тозалаш билан масалани ҳал этиб бўлмайди. Шу вақтгача аҳолининг ўзи ҳам кўп марта пул йиғиб ҳолатни вақтинча бартараф этган. Бутун бир кўп қаватли уйдаги бир неча ойлик аянчли антисанитар аҳволни келтириб чиқарган масала ҳам аслида жуда оддий. Шунчаки канализация қудуғини ўз вақтида тозалаш керак. Умуман, бу қудуқни тозалаб туриш тизимининг ўзи йўқ. Қачонки у тўлиб, қолиб, босим таъсирида ертўлага туша бошлагач, аҳолининг кетма-кет мурожаатларидан сўнг бир марта ўша қудуқ тозаланади. Айнан тизим бўлмагани учун икки йилдан бери аҳоли тез-тез бадбўй ертўладан азият чекади, мурожаат қилишдан чарчамайди.

Оқдарё тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бўлими мутасаддилари бир кун ичида ертўла ва канализация қудуғи тозаланишини маълум қилишди. Бу муаммонинг олдини олиш учун мунтазам хизмат кўрсатиш мақсадида аҳоли билан шартнома тузилиши маълум қилинди.

Таҳририят бу ишларнинг тезроқ амалга оширилишини кутиб қолади. Очиқ канализация устида яшаш уёқда турсин бир дақиқа нафас олиш ҳам осон эмас ҳар ҳолда.

***

P/S: Мазкур мақола эълон қилиниши арафасида таҳририятга Оқдарё туманидан қўшимча маълумот ташлаб берилди. Унда Ижтимоий уй канализацияси махсус машиналар билан тозаланаётгани акс этган. Туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, кечанинг ўзида қудуқ тозаланиб, оқовалар олиб кетилган. Бундан, албатта, яшовчиларнинг кўнгли бироз ёришган бўлса керак. Ўйлаймизки, уйдаги бошқа муаммолар ҳам тез орада бартараф этилади.