Эътибор ва имтиёз ҳунармандлар сафи кенгайишига хизмат қилади
Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрда қабул қилган “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-77-сонли қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда уюшма мутахассислари, бошқарманинг туман ва шаҳар бўлим бошлиқлари, ҳунармандлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Анжуманда "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов дастлаб Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.
- Ушбу ҳужжатга кўра, ҳунармандчиликка оид лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилди, - деди У.Ҳакимов. - Жумладан, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "Уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун - 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.
2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади. Имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади. Олдинги йилларда ҳунармандларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг сўндирилган қисмидан ҳосил бўлган маблағлар айнан ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун қайта йўналтириб борилади.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.