Европа тан олган самарқандлик ўймакор қиз

Нафосат Қурбонова оддий уй бекаси. У болалигида шифокор бўлишни орзу қилган. Тиббиёт коллежини битириб, институтга ҳужжат топширди. Аммо омади чопмади. Тушкунликка тушган Нафосат ўзини овутиш учун дадасининг севимли машғулоти бўлган ўймакорлик (кандакорлик) санъати билан шуғуллана бошлади.

- Дадамнинг касби асли муҳандис, бу ҳунар унинг “ҳобби”си эди, - дейди Нафиса. – Мактабда ўқиб юрган кезларимда мен ҳам оз-моз шуғулланиб турардим. Коллежда ўқиш билан бирга икки йил репетиторга қатнаб, тайёргарлик кўрган бўлсам-да институтга киролмадим. Аламимни ижоддан олдим. Меҳр билан металлга ишлов бериш асабларимни тинчлантирди, руҳиятимни кўтарди. Бу ҳунарни икки йил давомида чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. Кейин турмушга чиқдим. Оила ташвишлари, икки йиллик танаффус ва яна ўймакорлик билан шуғуллана бошладим. Турли халқаро кўргазмаларда ўз асарларим билан қатнаша бошладим.

Нафосатнинг нафис асарлари қисқа фурсат ичида нафақат мамлакатимиздаги танловлар, балки нуфузли халқаро кўргазмаларда таниқли рассомлар назарига тушиб, эътироф этила бошлади. Биргина мисол, у “Турналар” асари билан Россияда ўтказилган “Ҳайвонот дунёси” номли санъат ҳафталигида иштирок этди. Мазкур кўргазмада бу асар биринчи ўринни эгаллади. Ижодкорнинг бу каби ютуқлари талайгина.

У халқаро профессионал рассомлар уюшмаси аъзоси. Эътиборлиси, уюшма томонидан XIX-XXI асрларда энг маҳоратли деб топилган рассомлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, унда Нафосат Қурбонова ҳам бор. Шунингдек, у Евроосиё рассомлар уюшмасига ҳам аъзо бўлган.

- Бу ҳунар билан шуғулланишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, - дейди у. – Айниқса, аёл киши учун. Ўймакорлик ўткир дид, сабр-матонат, жисмонан бақувватликни талаб этади. Бир асар устида ишлашга ойлаб вақт кетади. Масалан, “Тахтдан ҳайдалиш” номли ҳажми кичик бир асаримни 27 кунда яратганман. Металл танлашда қийналганман. Тунукани қирқиш жараёнида қўлларим кесилиб, шикастланган. Бу асардаги тож ва сочларнинг шаклини чиқариш ҳам осон кечмаган. Аммо ҳар қандай иш якунига етгач, кўнгилдагидек чиқса кишига завқ бағишлайдики, барча қийинчиликлар унутилади.

Нафосат турмуш ўртоғи билан уч фарзандни тарбиялаяпти. Унинг қизалоғи ҳам мусаввирликка қизиқади.

- Болалигимда дадамнинг ишга кетганидан фойдаланиб, унинг устахонасида бошлаб қўйган асарларини давом эттирмоқчи бўлардим, - дейди Нафосат кулиб. – Бигизни қаттиқроқ босиб металлни тешиб қўйган вақтларим кечагидай эсимда. Ёрдам бериш ўрнига, битай деб қолган асарини бузиб қўйганман. Аммо ҳеч дадамдан дакки эшитмаганман. “Қайтар дунё”, деганларидек, энди қизим баъзида менга шундай халал бериб туради. Жаҳлим чиқади, лекин болалигим эсимга тушиб, уни уришмайман. Ўрганаётганидан хурсанд бўламан.

Нафосат шу пайтга қадар ҳунарининг ортидан даромад топишни ўйламади. Уй бекалигидан бўш вақтларида фақат ижод қилди, изланди. Натижада моҳир рассом бўлиб шаклланди. У келгусида устахона очиб, шогирдлар тайёрлашни ва яратган асарларининг сотувини йўлга қўйишни ният қилган.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.