Европада Самарқанд шаҳри салоҳияти қандай намойиш этилди?
Самарқанд вилояти туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация айни кунларда Европа мамлакатлари бўйлаб сафар қилмоқда.
Сафар доирасида Испаниянинг Валенсия шаҳрида “Самарқанд – янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампанияси ташкил этилди.
Тадбирда Испаниядаги туристик фаолият билан шуғулланувчи корхоналар, музейлар вакиллари, археолог олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бунда, Самарқанднинг туристик ташкилотлари томонидан янги туризм маҳсулотлари намойиши, Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятлари, "Silk Road Samarkand" туристик марказида яратилган шарт-шароитлар, туристик маршрутлар юзасидан ташриф буюрувчиларга маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир давомида В2В учрашувлар ташкил этилиб, испаниялик сайёҳлар оқимини оширишда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида, Самарқанднинг гастрономик туризм салоҳияти намойиш этилиб, Самарқанд паловини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси, вилоятнинг ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Хусусан, испаниялик музейшунослар Самарқанд тарихига оид маълумотларга катта қизиқиш билдиришди. Ҳар иккала томон музейлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Худди шундай учрашув Венгрияда ҳам бўлиб ўтди.