Фан олимпиадаси адолатли ўтяптими?

Фан олимпиадасининг Самарқанд шаҳар босқичи 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтмоқда. Ўқувчилардан имтиҳон олинадиган залга кузатув камераси ўрнатилган. Бинонинг кириш залига эса монитор қўйилган. Имтиҳон жараёнини ўқувчининг ота-онаси, ўқитувчиси бевосита кузатиб бормоқда.

Олимпиадани адолатли ўтказиш мақсадида имтиҳон олинаётган аудиторияга “Баркамол авлод” тўгараги раҳбарлари ва бошланғич синф ўқитувчиларидан иборат назоратчилар қўйилган. Ҳар бир фан учун 6 тадан ҳакамлар ҳайъати танлаб олинган.

- Ҳар бир фан бўйича билими кучли ўқитувчини тест синовлари асосида ҳакамликка танлаб олдик, - деди Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Нурмуратов. – Ҳакамлар ҳайъати алоҳида хонада махсус шифрланган ёзма ишларни текширади. Улар баҳолаётган ёзма иш кимники эканини билмайди.

Бугун 10-синфлар учун фан олимпиасининг 2-босқичи бўлиб ўтмоқда. Ўқувчилар кеча ёзма ва амалий имтиҳон топширган бўлса, бугун тест синовларидан ўтмоқда. Кечаги имтиҳон баллари махсус доскага осиб қўйилди.

- Кеча ёзма имтиҳондан 32 балл (энг юқори 50 балл), оғзакидан 9 балл (энг юқори 10 балл) тўпладим, - деди 43-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Нилуфар Ёқубова. – Ҳозирча баллар ҳисобида 3-ўринда турибман. Имтиҳонлар ҳаққоний, шаффоф ўтмоқда. Аудиторияда ҳеч кимга ёрдам берилгани йўқ.

- Мен олимпиадада тарих фанидан қатнашяпман, - деди 37-ИДУМнинг 10-синф ўқувчиси Лазиз Юлдашев. – Кеча ёзма ишдан 39 балл олдим. Бугун тест саволлари берилди, ярмидан кўпига жавоб топдим.

Фан олимпиадасининг яна бир эътиборли жиҳати, баҳосидан норози бўлган ўқувчи учун алоҳида апелляция ҳайъати жорий этилган. Апелляция ҳайъати ўқувчидан қайта имтиҳон олади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси шу кеча-кундузда жойларда бўлиб ўтаётган фан олимпиадаларини қаттиқ назоратга олган. Мақсад - билимли ўқувчиларни топиш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва таълим сифатини оширишдан иборат.

  Хуршида ЭРНАЗАРОВА.