Фаолият бошлаганимга кўп бўлмади, наҳотки солиқчилар текширишга келди?..

Паст Дарғом тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этган. Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик субъектларига ер ажратиш, берилган кредитлардан тўғри фойдаланиш, шунингдек, кичик бизнес вакиллари фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этишга қаратилган. 

Қўшқудуқ маҳалласи туман марказидан анча олисда жойлашган. Кундалик зарурий маҳсулотларни харид қилиш учун аҳолининг ҳам вақти, ҳам йўл кира учун ортиқча пули сарфланади. Аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида “Қўшқудук” савдо мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилди.

- Атрофдаги истиқомат қилувчи аҳолига жуда қулай бўлди, - дейди меҳнат фахрийси Шаҳриддин Пирназаров. - Энди сартарош, новвойхона, гўшт дўкони, тикувчилик цехи, қўйингки, 61 та тадбиркорлик субъекти фуқароларимиз хизматида. Таъкидлаш лозимки, ушбу савдо мажмуасининг фойдаланишга топширилиши жуда кўпчиликнинг иш билан таъминланишига сабаб бўлди. Туман давлат солиқ идораси ходимлари фаолият бошлаётган ҳар бир тадбиркорлик субъектларига кириб, қонуний фаолият юритишлари учун тушунча беришди.

Савдо мажмуаси “Самарқанд – Каттақўрғон” автомобиль йўлининг бўйида жойлашган. Йўлдан ўтаётганлар тўхтаб енгил тамадди қилишлари, уйиига бозорлик қилиб олишлари мумкин.

  - Энди фаолият бошладик, - дейди тадбиркор Чарос Худойқулова. – Албатта, бошида баъзи тушунмовчиликлар бўлади. Туман давлат солиқчилари дўконимга кириб келганда, ҳали фаолият бошлаганимга неча кунгина бўлди, наҳотки текширишга келди, деган фикр ўтди хаёлимдан. Улар ўзларини таништириб, нима ёрдам керак, дастлабки бухгалтерия ҳужжатларини юритишда қийинчиликка дуч келмаяпсизми, деб сўрагач хавотирим ариди.

Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳар бир тадбиркорлик субъектларида бўлиб уларга солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, қонуний ишлаш лозимлиги бўйича маслаҳатлар беришди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.