Фақат қорин ташвишидаги халқмизми?
Бугун юртимизда коронавирус қайд этилгани расман маълум қилинди. Шу пайтгача ҳам дунёни мана шу пандемия ташвишга солаётганини, яқин ва узоқ мамлакатлардаги ҳолатни эшитиб турган эдик. Тўғри, коронавирус тарқалган юртларда тиббий ниқоблар етишмаётганини эшитдик, лекин ҳеч бир давлатда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил бўлиб қолганидан жар солинмадику. Нега бизда вирус қайд этилгани айтилгандан одамлар ўзини бозорга, дўконга урди? Қорин ташвиши бизда асосий масалами? Ҳукумат касалликка чалинмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидлади. Озиқ-овқатни жамғариб қўйинг, етишмовчилик бўлади, деб огоҳлантирмади-ку. Нега бундаймиз-а? Фақат қорин ташвишида ҳамма нарсага тайёрмиз-а? Ахир 34 миллион халқнинг қорин ташвишини ўйлайдиган, бунинг учун зарур чора-тадбир белгилайдиган давлат бор. Афсуски, кўпчилигимиз буни ўйлаб ҳам кўрмай ўз хатти-ҳаракатимиз билан халқда ваҳима уйғотамиз, билиб-билмай айрим "уддабуронлар"нинг тегирмонига сув қуямиз. Бунинг оқибатида бугуноқ баъзи савдо дўконларида маҳсулотлар нархига устамалар минди. Айрим сотувчилар эса нарх ошади деб, савдони тўхтатди.
Бизда коронавирус эмас, ваҳима вирус бошланди.
Дейлик, озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилсаю қўшнингиз ош-нонсиз ўтирса, сиз уйингизда болаларингиз билан хотиржам ўтириб овқатлана оласизми, томоғингиздан ўтадими? Шу саволга қандай жавоб берсангиз, шунга қараб ҳаракатингизни қилаверинг.
Бу ҳам бир синов, синов эса кимнинг кимлигини яққол кўрсатиб бериши барчамизга маълум.
Ғолиб Ҳасанов.