Фаросатни бефаросатдан ўрган

Ёки сўзимиз ва ҳаракатларимиз бировга ноқулайлик туғдирмасин.

Албатта, ҳар биримиз атрофимизда инсофли, диёнатли, софдил ва меҳрибон одамлар бўлишни хоҳлаймиз. Умумун олганда, ўзимиз ҳам виждонли, фаҳм-фаросатли бўлишга интилишимиз лозим. Кундалик ҳаётимиздаги бизга дуч келадиган одамлар ҳақиқатан ҳам шундай хислатлар эгаси бўлиш-бўлмаслигини қаердан билиш мумкин?

Ҳаёт йўлимда ўзини донишманд кўрсатиб, ҳатто нонни ташламаслик бўйича ақл ўргатмоқчи бўлган “билағон”лар ҳам йўлиққан. Бироқ, кейинчалик айнан ўша одамнинг нонни бир эмас, бир неча марта моғорлатиб, кейин уни чиқиндига ташлаб юборганининг гувоҳи бўлдим. Ваҳоланки, отам ва онам оиламизда овқат еб бўлгандан кейин дастурхонни силкита туриб, нима деб айтиш кераклигини ўргатишган. Нафақат шу нарсалар, оиламизда туғилган чақалоқлар тўрт ойлигидан бошлаб қўлини кўксига қўйиб ассалом ва раҳмат “қилишарди”. Катталар кўзига тик қараш у ёқда турсин, улар ёнида ўтирганда ияккга суянмаслик, оёқларни йиғиб ўтириш, ошни ўнг қўл билан еб, тўкилган гуручларни чап қўл билан териб олиш ва ҳатто эшик очиб-ёпишгача фаҳм-фаросат билан иш тутишимиз айтилиб, юмушларимизнинг қай бири савобга, қайсиси эса гуноҳга ёзилиши уқтириб келинган.

Фаросатни бефоросатдан ўрган, деган нақл бор халқимизда. Афсуски, орамиздаги бундай одамлардан “ўрнак” олиб, уларга ўхшамаслик учун одам гапларини ўйлаб гапиришни, фикрларини назорат қилишни, суҳбатдошнинг ёлғончи ёки ростгўй эканини ажрата олишни билади. Гарчи одамовидек туюлса-да, у ғийбатдан нари юради, унинг ўзи ёки бошқа одамлар ҳақида ёмон гап айтганини эшитмайсиз. Фаросат бошдан эмас, юракдан чиқади.

Оқил хулқ, бу - санъат. Уста асбоблар билан ишлашни билганидек, фаросатли киши сўз билан ишлашни ва тўғри ҳаракатларни танлай билади: баъзан жим туради, баъзида далда, маслаҳат беради. Бемаврид бировнинг кўнглини оғритиб қўймаслик учун у сабр-тоқат билан ҳис-туйғуларини бошқариб, шошқалоқ ҳаракатлардан узоқлашишга ҳаракат қилади.

Сўзлар – ўзликнинг ифодаси, кишининг асл кўриниши сўзларида яширинган бўлади ёки “айтилган сўз отилган ўқ” дейишади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, натижаси ҳақида ўйламасдан биз ҳар куни қанча сўз айтиб, қанча ҳаракатларни амалга оширамиз. Бу ҳаракатлар инсонга шикаст етказиши ва агар биз ушбу “қурол”дан эҳтиёткорлик билан фойдаланмасак, сўз ҳатто ўлдириши мумкин.

Афсуски, кундалик ҳаётда “ёмон” сўзлар айнан ўша ўзини фаросатли деб кўрсатишга ҳаракат қилаётган “ўзига угра кесмаган”лар томонидан атайлаб айтиляпти. Бундай жоҳиллар инсон обрўси бир сўзга боғлиқ экани, айтган сўзи эса келажакда унинг ўз тақдирини белгилашини билганида эди, бундай қилмаган бўлармиди.

Назаримда, ҳар қандай вазиятда хотиржамликни сақлай билиш, фаҳм-фаросатли, шу билан бирга юмшоқ ва сезгир бўлиш учун инсонга ички куч керак. Бу кучга, аввало, ота-она ибрати, тақводорлик, Яратганга ихлос, ва фаросат билан эришилади. Бу хислатларнинг барчаси маънавий ривожланишига ҳисса қўшади ва ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга имкон берадиган инсоннинг ички мағзини мустаҳкамлайди. Сўзларимиз ва ҳаракатларимиз бировга ноқулайлик туғдирмасин учун улардан эҳтиёт бўлайлик, уларни фақат қутқариш учун ишлатайлик.

Баҳора Муҳаммадиева.